Горбачёв АҚШ ва Россия ҳукуматига мурожаат қилди
Собиқ СССР президенти Горбачёв АҚШ ва Россия ҳукуматига мурожаат қилиб, мамлакатлар ядровий соҳада муросага келиши кераклигини айтди. Бу ҳақда «Горбачев-фонд» хабар берди.

Қайд этилишича, собиқ СССР президенти Михаил Горбачёв Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоев ва ядро хавфсизлиги бўйича Глобал етакчилар альянси конференцияси иштирокчиларига йўллаган табригида Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар «карлар мулоқоти»га айланмаслиги кераклигини айтган.
Горбачёвнинг эслатишича, Женевада 2021 йил июнь ойида бўлиб ўтган учрашувда Россия президенти Владимир Путин ва Америка етакчиси Жо Байден ядровий урушнинг олдини олиш тамойилига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган. «Умид қиламанки, бу музокаралар карларнинг мулоқотига айланмайди ва ўз натижасини бера бошлайди», — деб таъкидлаган сиёсатчи.
Унинг айтишича, ҳукуматлар «қуролланиш пойгаси ўчоғига улкан маблағ ташлашдан» воз кечиши ва ядровий соҳада алоқаларни ўрнатиши керак. Чунки дунёнинг ядровий давлатлари инсоният олдидаги масъулиятини тушуниб, муаммони ҳал қилишда илк қадамни қўйиб бўлган.
Собиқ СССР раҳбарининг фикрича, мамлакатлар ўртасида юзага келган ишончнинг емирилиши қуролсизланиш бўйича олдинги саъй-ҳаракатларга путур етказган.
Аввалроқ Горбачёв СССР парчаланишининг 2 асосий сабабини маълум қилганди. Шунингдек, СССР парчалангач, Қозоғистонга ядро қуроли бўйича таклиф берилгани хабар қилинган.
