Наманган вилоятида сохта валюта савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати «Bugun.uz»га маълум қилди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши кураш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари Наманган вилояти божхона бошқармаси ҳамда ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда сохта валюталарнинг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида фуқаролар М.Ш. ва Н.Н. шартли харидорга 10 минг доллар қийматидаги сохта валютани 6500 АҚШ долларига сотаётган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Тошкент вилоятида қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланган оила ушланганди. Шунингдек, вилоятда қалбаки пулларни муомалага киритган эркак ушлангани хабар қилинганди.