Янгиликлар - 15:15 · 16.11.2021

Ўзбекистон «Толибон» бўйича халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди

Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев 15 ноябрь куни NATO’нинг Брюсселдаги бош қароргоҳида Афғонистондаги ҳозирги вазиятга бағишланган брифингда иштирок этди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Ташқи ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Эргашев ўз нутқида Афғонистон Ўзбекистон учун қўшни биродар мамлакат эканини, давлатларни кўп асрлик дўстлик ришталари, тарих, дин, урф-одат ва анъаналар боғлаб туришини таъкидлаган. Ўзбекистон Афғонистонга нисбатан ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойилларига асосланган дўстона сиёсат олиб бораётгани қайд этилган.

Шунингдек, Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, «Толибон» ҳаракати билан конструктив мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг қайта яккаланиб қолишига йўл қўймаслик афғон халқи ва бутун жаҳон ҳамжамиятининг манфаати йўлида муҳимлигини таъкидлаган.

Ўз навбатида, NATO’га аъзо давлатларнинг доимий вакиллари Ўзбекистонга ўз фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилишда кўрсатаётган ёрдами учун миннатдорлик билдирган. Учрашув иштирокчилари эътибори халқаро ҳамжамият учун устувор вазифа Афғонистонни минтақавий интеграция жараёнларига янада фаолроқ жалб этиш, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўлиб қолиши зарурлигига қаратилган.

Аввалроқ Ўзбекистоннинг «Толибон» ҳукуматини тан олиш шартлари маълум қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати Ўзбекистон билан чегарадош вилоятга махсус кучларни жойлаштиргани ҳақида хабар берилган.