Ўзбекистонда 11 ойда темир йўлларда нечта бахтсиз ҳодиса рўй бергани очиқланди
Ўзбекистонда 2021 йил бошидан буён темир йўллар билан боғлиқ 7 та бахтсиз ҳодиса рўй бергани маълум қилинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил бошидан буён темир йўллар билан боғлиқ 7 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган бўлиб, шулардан 2 таси ўз жонига қасд қилиш билан боғлиқ. Шунингдек, темир йўллар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг 90 фоизига, асосан, фуқароларнинг эътиборсизлиги сабаб бўлади.
Хусусан, Тошкент вилояти Қибрай туманида 2021 йил 18 октябрь куни туманнинг 1-сонли мактабида таҳсил олувчи 5–6 нафар 6-синф ўқувчиси бошқа синфдошини дарсга чақириш мақсадида унинг уйига келган.
Шундан кейин ўқувчилар кўчанинг ёнидан ўтган темир йўлдан ўтмоқчи бўлган. Темир йўлдан йўловчи ташувчи электропоезд келаётганини кўрган 1–2 нафар ўқувчи орқага қайтган. Аммо уларнинг орасида бўлган 12 ёшли ўқувчи ўтиб кетаман деб ўйлаб, темир йўлга чиққан. Оқибатда электропоезд уни уриб кетган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2021 йилнинг сўнгги 7 ойида қанча одам чўкиб, вафот этгани айтилганди. Шунингдек, мамлакатда 2020 йилда саноат соҳасида ишловчиларнинг қанчаси ҳалок бўлгани маълум қилинган.
