Ўзбекистонда ҳокимликларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига аралашуви тақиқланади
Ўзбекистонда ҳокимликларнинг ғалла етиштирувчилар фаолиятига аралашуви тақиқланиши маълум қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги канали хабар берди.

Маълум қилнишича, Президентнинг ғалла етиштириш ва сотишда эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларини жорий этиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, 2022 йилдан экишга тавсия этилган буғдой нави хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мустақил жойлаштирилади.
Қайд этилишича, 2022–2024 йилларда кластер ва фермерлар етиштирган ҳосилининг ғалла экилган ҳар гектар майдон ҳисобидан ўртача 2,5 тоннадан буғдойни эркин биржа савдоси орқали, қолган қисмини тўғридан-тўғри шартномалар асосида эркин сотади. Шунингдек, ҳар йили 1 августгача буғдойнинг келгуси йил ҳосили учун кутилаётган индикатив нархи ОАВда эълон қилинади.
Таъкидланишича, давлат бошқаруви органлари, ҳокимликлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларига қуйидагилар тақиқланади:
- имтиёзли кредитдан фойдаланиш йўналишларига аралашиш;
- буғдойни сотиш, шартнома тузиш, республика ҳудудлари ўртасидаги ички ташувга аралашиш;
- ғаллачилик кластерларига чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва бошқа йўналишларни қўшиш тўғрисида ёзма ёки оғзаки тартибда кўрсатма бериш.
Қайд этилишича, 2021–2022 йилларда «Ўздонмаҳсулот» АК тизимидаги дон корхоналари тадбиркорларга сотилади.
Аввалроқ Президент қарори билан амалдорларга тадбиркорлик билан шуғулланиш қатъиян тақиқланиши маълум қилинганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев фармони билан давлат сирларини сақлаш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши хабар қилинган.