Янгиликлар - 14:32 · 16.11.2021

Тошкент вилоятида эркак ва депутат аёл ишқий муносабатда бўлган пайтида ушлангани бўйича муносабат билдирилди

Хабарнинг давоми: ХДП депутат аёл ишқий муносабатда бўлган пайтида ушлангани бўйича муносабат билдирди

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби интернетда тарқалган, Бўстонлиқ туманидаги хонадонлардан бирида фуқаролар жинсий алоқа қилаётгани акс этган видео юзасидан муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

Таъкидланишича, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жазо муқаррарлиги ва қонун устуворлиги таъминлаш бўйича Ички ишлар бош бошқармаси ва ҳамкорликдаги ташкилотлар билан «Хавфсиз ҳудуд» ва «Хавфсиз тун» тезкор-профилактик тадбирлари ўтказиб келинмоқда.

Жумладан, тадбир давомида Бўстонлиқ тумани Хумсон маҳалласида яшовчи фуқаро вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилиб, С. ва Б. исмли шахслар туман «Чорбоғ гўзал боғи» ҳудудида жойлашган дала ҳовлиларда ишратхона ташкил қилиб, кунлик ижарага беришини ва у ерда шахсларнинг жинсий алоқа қилиши учун шарт-шароит яратилгани, туни билан айрим ахлоқи бузуқ шахслар аҳоли тинчлигини бузаётгани ва бу нафақат катталар, балки ёшларга ҳам салбий таъсир қилаётганини баён қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу мурожаатга асосан 2021 йил 2 октябрь куни ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида мурожаатда кўрсатилган дала ҳовли кўздан кечирилган. Ўша вақтда ҳам хонадонда икки аёл, икки эркак борлиги, Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш. (эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланган.

Улар билан ўтказилган суҳбат давомида алкоголь маҳсулот истеъмол қилгани ва ишқий муносабатда бўлиш мақсадида келганини маълум қилган. Ҳозирда мазкур жараён акс этган видео тасвирнинг ижтимоий тармоқлардаги ўзаро ёзишмалар орқали тарқалгани ҳолати юзасидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам бу ҳолатга муносабат билдириб ўтган.

«Депутат аёлнинг тўшагига бостириб кириб бориб, уни видеога олиб чиқариб юборган ‘эркак’лар эркакнинг ишини қилмади. Ҳар қандай кураш соғлом бўлиши керак. Ифлослик бошландими, бу кураш эмас, жиноят. Ва унга жазо бўлиши керак. Яхши ишлар бўлмаяпти», — деб ёзган у.

Аввалроқ Навоийда қўшмачилик билан шуғулланган 52 ёшли аёл ушлангани хабар қилинганди.