Хабарнинг боши: Тошкент вилоятида эркак ва депутат аёл ишқий муносабатда бўлган пайтида ушлангани бўйича муносабат билдирилди

Халқ демократик партияси Тошкент вилоятида эркак ва депутат аёл ишқий муносабатда бўлган пайтида ушлангани бўйича муносабат билдирди.

Фото: Халқ демократик партияси матбуот хизмати

Маълум бўлишича, партия ҳар қандай ҳуқуқбузарликка қонуний ва қатъий чора кўрилиши зарурлигини маълум қилган. Шунингдек, муносабатда инсоннинг шаъни, қадр-қиммати дахлсиз экани таъкидланган.

Партия Халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман кенгаши депутати Феруза Бабашева билан боғлиқ ҳолатга қонунчиликка тўлиқ мувофиқ тартибда баҳо берилиши зарур эканини маълум қилган. Бундан ташқари муносабатда Конституциянинг 27-моддасига кўра, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эгалиги эслатиб ўтилган.

Шунингдек, партия Жиноят кодексининг 141-1-моддасида шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш билан боғлиқ ҳаракатлар бўйича жазо чоралари белгиланганини қайд этган. Партия ушбу ҳолат бўйича тегишли органлар ҳуқуқий муносабат билдиргунича турли фикрлар билдиришдан тийилиб туришни сўраган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби мазкур ҳолатнинг интернетда тарқалган видеоси юзасидан муносабат билдирганди. Унда Бўстонлиқ тумани Хумсон маҳалласида яшовчи фуқаро вилоят ИИББга ариза билан мурожаат қилиб, С. ва Б. исмли шахслар туман «Чорбоғ гўзал боғи» ҳудудида жойлашган дала ҳовлиларда ишратхона ташкил қилиб, кунлик ижарага беришини ва у ерда шахсларнинг жинсий алоқа қилиши учун шарт-шароит яратилгани, туни билан айрим ахлоқи бузуқ шахслар аҳоли тинчлигини бузаётгани ва бу нафақат катталар, балки ёшларга ҳам салбий таъсир қилаётганини баён қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўрагани айтилган.

Ушбу мурожаатга асосан 2021 йил 2 октябрь куни ИИББ тезкор ходимлари томонидан ўтказилган текширув давомида мурожаатда кўрсатилган дала ҳовли кўздан кечирилган. Ўша вақтда ҳам хонадонда икки аёл, икки эркак борлиги, Ф.Б. (аёл) ва Д.Ш. (эркак) жинсий алоқада бўлаётгани аниқланган.

Аввалроқ Навоийда қўшмачилик билан шуғулланган 52 ёшли аёл ушлангани хабар қилинганди.