19:07 | 16.11.21 65

ХТВ салкам 4 млрд сўмга Электрон таълим тизимини яратишга буюртма берди

Тендерда фақат бир манзилда жойлашган икки фирма иштирок этган

Халқ таълими вазирлиги қошидаги «Инновация, технология ва стратегия маркази» ДУК 10 ноябрь куни e.tender порталида йирик тендер якунлангани бўйича хабар жойлади. Тендер қиймати 3 миллиард 618 миллион сўмни ташкил қилган.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, марказ Электрон таълим ягона тармоғи учун коммуникацион ва сервер мосламаларини етказиб берувчи фирмани аниқлаган. Маълумотга кўра, ғолиб «Inova Solution» МЧЖ Шайхонтоҳур тумани Навоий кўчаси 24-уйда жойлашган. Эътиборлиси, унинг тендердаги ягона рақиби «Tradein» МЧЖ ҳам айнан шу манзилда жойлашган.

Скриншот: «orginfo.uz»

Ҳужжатга кўра, ускуналар, яъни маршрутизаторлар, коммутаторлар, серверлар, узлуксиз қувват манбалари, сервер стойкалари ва тармоқ ускуналари Халқ таълими вазирлиги (буюртмачи) эҳтиёжлари учун сотиб олинган.

Қайд этилишича, Электрон таълим лойиҳасининг асосий мақсади таълим муассасаларида корпоратив тармоқларни бирлаштириш, мониторинг қилиш, фильтрлаш ҳисобланади. Лойиҳа 2022 йилнинг декабрь ойида якунланиши режалаштирилган.

Аввалроқ «Ҳудудгаз Пойтахт» раҳбари Рустам Азимов раислик қилган йирик тендерда Ойбек Азимов билан боғлиқ компания ғолиб бўлгани хабар қилинганди. Шунингдек, Наманганда 4,7 миллиард сўмлик қурилиш лойиҳалари тендерсиз бошлаб юборилгани аниқланган.