Бугун оқшоми. Тошкентда ёққан ифлосланган қор, Шерзод Шерматов ўрнига вазир бўлган элчи, Гитлерга ўхшатилган Ким Чен Ин

Хайрли (қор ва чанг бўронли) кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги кун айрим вилоятларда ажойиб тарзда бошланди: эрталаб уйғониб, ойнага қарасангиз, дарахтлар ва ер оппоқ — қор билан қопланган. Хуллас, мандарин еб, «Уйда ёлғиз» фильмини кўриш учун идеал об-ҳаво. Бугун шундай қила олган бўлсангиз, сиз — бахтлисиз.

Бугунги дайжестни шундай ажойиб кунда эълон қилинган «навбатчи» хабарлар билан бошлаймиз. Тушунганингиздек, бугунги кун ҳақида қисқача (карикатураси билан).

Фото: «Bugun.uz»

Бундан 10 кун олдин қум бўронини бошдан кечирган Тошкент учун 17 октябрь куни ёққан қор айни муддао бўлди: осмондаги чанг-ғуборлар ювилди, одамлар тоза ҳаво нималигини сал бўлса-да ҳис қилишга муваффақ бўлди (ўпкани тўлдириб нафас олволинг, баъзи-баъзида Тошкентга «келгинди» чанглар келиб қолиши мумкин).

Қор ёғаётгани ҳақида ойнага қарашдан олдин Instagram ёки шунга ўхшаш ижтимоий тармоқдан билган бўлсангиз, ажаб эмас. Фотомухбиримиз ҳам қорли об-ҳавода пойтахтнинг марказий кўчалари қандай кўринишини суратга мухрлаб келди (линкка ўтишга эринманг, гўзал манзаралар бор).

Фото: «Bugun.uz»

Бугунги об-ҳавони жуда идеал тасвирлаб юбордик, тўғри. Лекин, аслида, ундай эмас. Тошкентда ёққан қор аслида, ифлосланган (яғир) бўлиб чиқди. Сиз учун кўчада фотогалерея тайёрлаб келган мухбиримизнинг кийимлари қизғиш лой рангига кирганди. Ҳайриятки, бу ифлосланган қор инсон саломатлигига зарар етказмаслиги маълум қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

«Ўзгидромет» хизматининг маълум қилишича, 17 ноябрь соат 08:00 дан 18 ноябрь cofn 08:00 гача Чимён тоғ зонасининг денгиз сатҳидан 2000 метр баландлигида қор кўчиш хавфи мавжуд.

Бундан ташқари, ҳали қор ёғиб улгурмаган Андижон вилоятининг кўплаб туманлари электр энергиясисиз қолди. Мамлакатнинг йирик компанияси — «UzAuto Motors» жойлашган Асака тумани аҳолиси «Bugun.uz»га маълум қилишича, кўп жойларда 17 ноябрь, чоршанба куни соат 08:00 дан 16:00 гача «свет» бўлмаган. Бу орада у ерда 2 балли зилзила ҳам бўлган.

«Bugun.uz» колумнисти Ҳабибулло Мўйдинов Тошкентда ёққан «ЛОЙлак» қорга атаб катиракатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Кутилмаган ўзгариш: халқ таълими вазири Шерзод Шерматов бошқа вазирликка раҳбар бўлди. Энди у ахборот технологиялари вa коммуникацияларини ривожлантириш билан шуғулланади.

Фото: «Bugun.uz»

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар Шерматов номзодини вазирлик раҳбарлиги лавозимига маъқуллаган.

Шерзод Шерматовни бошқа вазирликка ўтказган депутатлар унинг ўрнига Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов номзодини маъқуллади. Энди халқ таълими вазири — Бахтиёр Саидов. Балки, Хитой тажрибасидан нимадир бордир, кўрамиз.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Бугун кичикроқ ўзгаришлар ҳам бўлди. Хусусан, Тошкент давлат педагогика университети ректори алмашди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан Абдуғаффор Қирғизбоев Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланди. У бунгача Вазирлар Маҳкамаси давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири лавозимида ишлаб келган. Қирғизбоев «Низомий»га ректор этиб тайинланиши муносабати билан у ердан кетди.

Абдуғаффор Қирғизбоевгача университетга ректорлик қилиб келган Алишер Умаровнинг лавозимидан кетиши университетдаги «’замдеканʼ ва талаба қиз иши»га боғлиқ ёки йўқлиги маълум эмас.

Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Россияга, йил охиригача Қозоғистонга боради.

Президент матбуот котибининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь, жума куни ташриф бидан Россия Федерациясида бўлади. У ерда мамлакат етакчилар ўзаро учрашув ўтказади. Унда Ўзбекистон–Россия стратегик шериклик va иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади. Қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши ҳам кўзда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарининг Қозоғистонга ташрифи мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан бўлган телефон мулоқотида келишилган. Президент қўшни мамлакатга йил охиригача расмий ташриф билан боради.

Ўзбекистонда иккинчи хотинга уйланишга рухсат берилдими? Йўқ, интернетда айланаётган хабарлар ёлғон.

Ўзбекистонда иккинчи хотинга уйланишга рухсат берилгани тўғрисида интернетда тарқалаётган хабарлар фейк ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистонда сохта ахборотларга раддиялар учун расмий манба ҳисобланувчи «AntiFake.uz» Telegram канали хабар берди.

Скриншот: Telegram / @antifake.uz

Ижтимоий тармоқлар va Telegram каналларида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 9 ноябрдаги 3535-сонли қарорига асосан Ўзбекистонда иккинчи хотинга уйланишга рухсат этилгани тўғрисида хабарлар тарқалган. Мазкур хабар ёлғон ва хақиқатга мос келмайди.

«Эслатиб ўтамиз, аҳоли ўртасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжуд», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Жиноят кодексининг 126-моддасига кўра, кўп хотинли бўлиш, яъни умумий рўзғор асосида икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшаш — базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ишчиларни қум босиб қолишига оид хабарлар пунктларда:

  • Бухоро вилояти Когон шаҳрида 16 ноябрь куни икки нафар ишчи тупроқ босиб қолиши оқибатида ҳалок бўлди. Улар 21 ва 22 ёшда бўлган;
  • Навоийда тилла қумини кавлаш пайтида 40–50 кишини қум босиб қолгани айтилди. Лекин бу хабар тасдиқланмади: Навоий вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ушбу ҳодиса юзасидан хабар келиб тушмаган.

Хўш, оламда нима гап?

ИШИДнинг асосий даромади ўғрилик, нефть контрабандаси ва одам савдосидан келиши маълум бўлди.

Фото: «Reuters»

Ироқ махсус кучлари томонидан 1 ой аввал ҳибсга олинган ташкилотнинг молиявий масалалар бўйича масъул вакили Сами Жасим тергов жараёнларида ИШИДнинг асосий даромад манбаларини очиқлаган.

Маълум қилинишича, ташкилотнинг энг юқори фаолликда ишлаган давридаги даромади йилига 1,2 миллиард доллардан ошган. Асосий даромад эса қуролли талончилик, ўғрилик, одам ўғирлаш билан тўлов ундириш ва нефть контрабандасидан тушадиган пуллар ҳиссасига тўғри келган.

Нефть маҳсулотлари, асосан, кичик нефтни қайта ишлаш заводи эгаларига сотилган, баъзилари чет элга контрабанда йўли билан олиб кетилган, бошқалари Суриянинг ИШИД назоратида бўлган ҳудудидаги қора бозорда сотилган.

Омма олдига 1 ой ичида биринчи марта чиққан Ким Чен Ин Гитлерга ўхшатилди. Бунда унинг кийган плаши асосий роль ўйнаган.

Кўпчиликнинг «қаҳрамони»га айланган Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин «Daily Mail» нашри томонидан Гитлер ҳамда Сталинга ўхшатилди.

Фото: «Associated Press»

Ким Чен Ин омма олдига Учинчи Рейх етакчилари, хусусан, Адольф Гитлер кийган қора чарм плашда чиққан. Нашрнинг қайд этишича, КХДР етакчиси мамлакат шимоли-шарқидаги Самжиён шаҳри яқинида қурилаётган янги объектларни кўриш учун борган. Бу сиёсатчининг 11 октябрдан бери биринчи марта омма олдида чиқиши бўлган.

Фото: «Associated Press»

Жараён пайтида олинган суратларда ташриф давомида Ким Чен Ин узун қора рангдаги чарм плаш кийган ҳолатда кўрсатилган. Бир пайтлар худди шундай услубдан Гитлердан ташқари Германия халқ таълими ва тарғибот вазири Йозеф Геббельс ҳам фойдаланган. Бундан ташқари, бундай плашлар совет сиёсатчилари орасида машҳур бўлган, хусусан, шунга ўхшаш моделлардан бирини СССР раҳбари Иосиф Сталин ҳам кийган.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео
Янгиликлар17:22 | 28.1.23
Самарқандда светофорнинг қизил чироғига ўтган автобус пиёдалар ҳаётига жиддий хавф солди — видео