Янгиликлар - 9:49 · 17.11.2021

ЖССТ коронавирус эпидемияси ўчоғига айланган ҳудудни маълум қилди

Европа яна коронавирус пандемиясининг эпицентрига айлангани маълум қилинди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига таяниб, «BBC» хабар берди.

Фото: «NBC News»

Агентлик маълумотларига кўра, сўнгги пайтларда дунёдаги коронавирусга чалиниш ва ундан ўлиш ҳолатларининг ярми шу минтақага тўғри келаётган бўлиб, бу 2020 йил апрель ойидан бери, яъни вирус Италияда чўққисига чиққанидан бери кузатилган энг юқори кўрсаткичдир.

Қайд этилишича, шу муносабат билан бир қатор Европа давлатлари Рождество байрами арафасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида чекловларни қайта жорий этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Хусусан, Нидерландия бош вазири Марк Рютте мамлакатда уч ҳафталик қисман карантин жорий этилишини эълон қилди. Австрия федерал канцлери Александр Шалленберг ҳукумат эмланмаган одамларни изоляция қилиш ҳақида қарор қабул қилишини истисно қилмади.

Европа Иттифоқи маълумотларига қараганда, Иттифоқ мамлакатлари, шунингдек, Исландия, Норвегия ва Лихтенштейнни ўз ичига олган Европа иқтисодий ҳудудида яшовчи аҳолининг 65 фоизи вакцинанинг икки дозасини ҳам олган, аммо сўнгги ойларда эмлаш тезлиги пасайган.

Таъкидланишича, аксарият Европа Иттифоқи мамлакатлари кексалар ва иммунитети заиф одамлар учун қўшимча эмлаш ишини амалга оширади. Шу билан бирга, олимларнинг таъкидлашича, аҳолининг аксарият қисмини эмлашни кенгайтириш устувор вазифа бўлиши керак. «Бу изоляция каби чораларни татбиқ этишдан қочишга ёрдам беради», дейилади хабарда.

Аввалроқ қайси давлат коронавирус мутацияси ўчоғи экани айтилганди. Шунингдек, Хитойда коронавирус инфекциясининг янги ўчоғи аниқланган.

Bugun — LIVE