ИШИДнинг қаердан даромад олаётгани маълум қилинди
ИШИД террорчилик ташкилотининг асосий даромади қаердан келиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Al Arabia» телеканалига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Таъкидланишича, асосий даромад манбалари ҳақидаги маълумотларни ташкилотнинг Ироқ махсус кучлари томонидан 1 ой аввал ҳибсга олинган молиявий масалалар бўйича масъул вакили Сами Жасим тергов пайтида очиқлаган.
Маълум қилинишича, ташкилотнинг энг юқори фаолликда ишлаган давридаги даромади йилига 1,2 миллиард доллардан ошган. Асосий даромад эса қуролли талончилик, ўғрилик, одам ўғирлаш билан тўлов ундириш ва нефть контрабандасидан тушадиган пуллар ҳиссасига тўғри келган.
Нефть маҳсулотлари, асосан, кичик нефтни қайта ишлаш заводи эгаларига сотилган, баъзилари чет элга контрабанда йўли билан олиб кетилган, бошқалари Суриянинг ИШИД назоратидаги ҳудудидаги қора бозорда сотилган.
Маълумот ўрнида, «Толибон» ҳаракатининг асосий даромади қаердан келиши бўйича маълумот берилганди. Таъкидланишича, ҳаракатнинг асосий даромади гиёҳванд моддалар савдоси, тоғ-кон қазилмалари, солиқ ва бождан келади. Маълумотларга кўра, ҳаракатнинг йиллик даромади 1,6 миллиард долларни ташкил этади. «Толибон» ҳаракати бу пулнинг катта қисмини маош, қурол-яроғ хариди ва ҳаракат жангариларини ўқитишга сарфлаши таъкидланган.
Таққослаш учун шуни айтиш мумкинки, ўтган йили Афғонистон ҳукуматининг бюджети 5,5 миллиард долларни ташкил қилган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, «Толибон» ҳаракати 2018 йилдан 2019 йилгача 400 миллион доллардан кўпроқ даромад олган.
Қайд этилишича, Афғонистон дунёдаги опий гиёҳванд моддасининг 84 фоизини етиштиради. 2020 йилда мамлакат конларидан олинган фойда тахминан 464 миллион долларни ташкил этган. Бундан ташқари, «Толибон» ҳаракати ўз назоратидаги йўлларда ҳайдовчилардан, шунингдек, сотувчилардан ҳар йили қўшимча 160 миллион доллар пул йиғиши қайд этилган. Маълум бўлишича, ҳаракат мамлакатга олиб кириладиган товарларга ўз хоҳишига кўра бож солади.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати Афғонистон сиёсий раҳбарларининг уйида тинтув ўтказганди. Шунингдек, ҳаракат ҳукумат устидан ғалаба қозонганини эълон қилган.