Олимлар иқлим ўзгаришининг яна бир оқибатини аниқлади
Америкалик олимлар иқлим ўзгариши Ер атмосферасига бевосита таъсир қилишини аниқлади. Бу ҳақда «МИР 24» хабар берди.

Маълум қилинишича, олимлар тадқиқотларида 2001 йилдан буён тропосферанинг қалинлиги ҳар ўн йилликда ўртача 53 метрга ошганини аниқлаган. Ҳозирча бу фактнинг иқлимга қандай таъсир қилиши номаълумлигича қолмоқда. Мутахассислар бунинг оқибатларидан бири ҳақида маълумот берган. Унга кўра, самолётлар турбулентликдан қочиш учун баландроқ учиши керак бўлади.
Таъкидланишича, тропосферанинг кенгайиши Ер юзасида ҳароратнинг кўтарилиши билан бевосита боғлиқ. Бу атмосферанинг энг паст қатлами бўлиб, баландлиги 10 дан 12 километргача бўлади. Тадқиқотчилар Шимолий ярим шарда сўнгги 40 йил ичида ҳаво шарлари ўлчовларини таҳлил қилган. Натижаларда тропосферанинг тропопауза деб аталадиган юқори қисми ҳарорат ва мавсумга қараб ҳажмини ўзгартириши маълум бўлган.
Қайд этилишича, иссиқхона газлари чиқиндиларининг кўпайиши туфайли ҳарорат кўтарилишда давом этар экан, атмосферада кўпроқ иссиқлик сақланиб қолади ва тропосфера кенгаяди. 1980 йилдан 2000 йилгача кенгайиш тезлиги йилига 49 метрни ташкил қилган. 21 асрда бу анча тезлашган. Бундан ташқари озон қатламининг емирилиши туфайли стратосфера қисқара бошлаган. Тадқиқотда тропосферанинг 80 фоизга кенгайиши инсон фаолияти билан боғлиқлиги айтилган.
Аввалроқ иқлим ўзгариши оқибатида сув остида қоладиган шаҳарлар маълум қилинганди. Шунингдек, олимлар Ерни глобал исишдан қандай қутқариш мумкинлигини аниқлаганди.