Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш ва ўлимлар сони ортди
Ўзбекистонда коронавирусдан касалланиш ва ўлимлар сони ортгани маълум қилинди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2021 йил 16 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 190 минг 332 (+228) нафарни ташкил этган. Янги касалланиш ҳолатларининг 12 нафари Андижон вилоятида, 7 нафари Бухоро вилоятида, 5 нафари Жиззах вилоятида, 2 нафари Қашқадарё вилоятида, 1 нафари Навоий вилоятида, 4 нафари Наманган вилоятида, 19 нафари Самарқанд вилоятида, 1 нафари Сирдарё вилоятида, 20 нафари Фарғона вилоятида, 16 нафари Хоразм вилоятида, 67 нафари Тошкент вилоятида, 74 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлгани сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Таъкидланишича, 16 ноябрь куни Андижон вилоятида 12 нафар, Жиззах вилоятида 8 нафар, Қашқадарё вилоятида 2 нафар, Навоий вилоятида 3 нафар, Наманган вилоятида 8 нафар, Самарқанд вилоятида 14 нафар, Фарғона вилоятида 15 нафар, Хоразм вилоятида 25 нафар, Тошкент вилоятида 81 нафар, Тошкент шаҳрида 144 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 186 минг 706 (+312) нафарга етиб, соғайиш кўрсаткичи 98 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этиб, касалликдан вафот этганлар сони 1364 нафарни ташкил қилган.
«Мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланаётган бўлса-да, аҳолидан хотиржамликка берилмасликни, белгиланган карантин қоидаларига қатъий риоя қилишни ва бу орқали ўзи ҳамда бошқаларнинг саломатлигини асрашини сўраб қоламиз», дейилади вазирлик хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистонда пандемия бошлангандан бери коронавирусдан кунлик касалланиш бўйича антирекорд қайд этилгани ва коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи 99 фоизга етгани хабар қилинган.