Польшалик журналист Агнешка Пикулицка 7 ноябрь куни Ўзбекистонга киритилмади ва бошқа давлатга учиб кетиши тушунтирилди. У мамлакат қонун ва тартибларини бузмагани, чегарадан киритилмаслиги журналистик фаолияти билан боғлиқ эканини айтади.

Фото: «Bugun.uz»

Польшалик журналист Агнешка Пикулицканинг (Agnieszka Pikulicka) журналистик аккредитацияси бекор қилингач, 2021 йил ёз ойларидан буён Тошкентда визасиз яшаб турганди. Европа Иттифоқи фуқаролари Ўзбекистонда 30 кун визасиз бўлиш ҳуқуқига эга, журналист ушбу ҳуқуққа асосан бир ой муддат тугалланмасдан чегарани кесиб ўтиб, Ўзбекистонга қайтаётганди. 

Агнешканинг «Bugun.uz»га маълум қилишича, 7 ноябрь куни у Қозоғистон чегарасидан қайтишда Ўзбекистонга киритилмаган. Бунинг сабаби ҳам тушунтирилмаган, лекин чипта харид қилиб, Туркияга учиш тавсияси берилган. 

«Мен рози бўлмадим, уйдаги рўзғор ва буюмларимни йиғиштириб олишга ҳам кам вақт беришмоқчи эди. Кўнмадим. Мени ДХХ зобитлари тўхтатиб қолганди, аммо нега Ўзбекистонга киритилмаслигим сабабини ҳозиргача билмайман», — дейди журналист. 

Агнешка Пикулицканинг айтишича, мамлакатга киритилмагани унинг фаолияти билан изоҳланиши мумкин. У 2021 йил июнгача «Al Jazeera» медиа компаниясининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида фаолият юритган. Бундан ташқари, польшалик журналист «The Diplomat», «Eurasianet», «The Guardian» каби нашрларга Марказий Осиё ҳаётидан мақолалар тайёрлаган. 

«Ўзини Ташқи ишлар вазирлиги ходими сифатида таништириб, шилқимлик қилган Рустамнинг тажрибасиз ва билимсиз ДХХ оператив ходими эканига ишонаман. Ушбу тизим тўла ислоҳ бўлиши лозим. Гўё халқаро журналистни жосусликда норасмий айблаб, сабабсиз мамлакатга киритмаслик фикри журналистика асосларини ҳам билмаган одамдан чиқади. Улар (ДХХ зобитлари — «Bugun.uz») халқаро журналистика йўқ давлатда улғайишди, хорижий тилда гапиришмайди ва ҳеч қачон чет элда бўлмаган. Улар фақат фитна назариялари билан яшайди, чунки замонавий дунёни англолмайди. Менинг уларга раҳмим келади», — дейди Агнешка. 

2021 йил февралда журналист Twitter’даги микроблогида ўзини ТИВ ходими деб таништириб, шилқимлик қилган, кейинроқ мамлакат ижобий имижини мақолаларида ёзишини сўраган Рустам исмли шахс ҳақида маълумот берганди. ТИВ расмийлари бунга муносабат билдириб, шу пайтгача аккредитация берилмаётган журналистни рўйхатдан ўтказган ва узр сўраганди. Аммо Рустамнинг дараги топилмаган.

Бундан кейин, Ташқи ишлар вазирлиги Агнешка Пикулицкани мамлакат қонунларини менсимай, тартибларни бузишда айблаган. Июнь ойида унинг аккредитацияси кейинги муддатга узайтирилмади. 

Польша Ташқи ишлар вазирлиги вакиллари Ўзбекистон томони билан боғланиб, ушбу ҳодиса юзасидан изоҳ сўраган. Ҳозирча сўровларга жавоб берилмаган.