Россия билан энг кўп яширин экспорт жараёнини амалга оширган давлатлар маълум қилинди
Россия билан энг кўп яширин экспорт жараёнини амалга оширган давлатлар топ-10 лиги маълум қилинди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Федерал божхона хизмати маълумотларига кўра, 2021 йил январь–сентябрь ойларида Россия билан энг кўп яширин экспорт жараёнини амалга оширган давлатлар ўнлигига АҚШ (иккинчи ўрин), Чехия (учинчи ўрин), Германия, Буюк Британия, Эстония, Нидерландия (7-ўриндан 10-ўрингача) киритилган.
Таъкидланишича, 2021 йилда 2020 йилнинг шу даврига нисбатан «SSSS» экспорти АҚШга 706 миллион доллардан қарийб 841 миллион долларга, Чехияга 102 миллион доллардан 706 миллион долларга, Германияга 173 миллион доллардан 302 миллион долларга, Нидерландияга эса 53 миллион доллардан 222 миллион долларгача ошган.
Россия билан энг кўп яширин экспорт жараёнини амалга оширган мамлакат эса кетма-кет иккинчи йил Жазоир бўлган. Хитой ва Ҳиндистон ҳам кучли ўнталикка кирган.
Қайд этилишича, Федерал божхона хизмати маълумотларида «SSSS» коди билан келтирилган яширин экспорт, асосан, қурол ва ўқ-дорилар, самолётлар ва вертолётлар (ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик), ядровий материаллар етказиб беришни ўз ичига олади. Аммо бу маълумотларга асосланиб, Россия хорижга қанча қурол ёки ядро ёқилғиси жўнатаётганини аниқлашнинг иложи йўқ.
Аввалроқ Хитойдан энг кўп яширин кредит олган давлатлар маълум қилинганди. Шунингдек, Хитой сабабли дунёда янги молиявий инқироз юзага келиши айтилганди.
