Шавкат Мирзиёев UNESCO бош директори Одри Азулега мактуб йўллади
Шавкат Мирзиёев UNESCO бош директори Одри Азулега лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табриклаб, мактуб йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Маълум бўлишича, Президент бош директорни лавозимига қайта сайлангани муносабати билан самимий табриклаган.
«Номзодингиз кенг қўллаб-қувватлангани тинчликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларингиз ва ташкилотингиз қўшаётган катта ҳиссанинг навбатдаги тасдиғи бўлди. Сизнинг ушбу лавозимдаги муваффақиятли ва натижадор фаолиятингиз, сиз томондан илгари сурилаётган муҳим ташаббуслар ва гуманитар лойиҳалар пандемия даврида UNESCO’нинг мувофиқлаштирувчи сифатидаги ўрни мустаҳкамланиши ва халқаро нуфузи юксалишига хизмат қилди», дейилган мактубда.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва UNESCO ўртасидаги яқин ва кўп қиррали муносабатларни кенгайтиришга UNESCO бош директори томонидан алоҳида эътибор қаратилаётганини қадрлашини таъкидлаган.
«Очиқ ва сермаҳсул учрашувларимиз шериклигимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва кенг қамровли мамлакат дастурини амалга оширишга киришишга имкон бергани ҳақидаги фикрингизга тўлиқ қўшиламан. Сизнинг кўмагингиз билан ‘Хива жараёни’ — ташкилот фаолиятининг бутун кун тартиби бўйича Марказий Осиёда халқаро ҳамкорликнинг янги платформаси ишга туширилди. Ушбу ташаббус минтақамизда UNESCO билан амалий ҳамкорликнинг кенгайиши ва муҳим вазифаларнинг илгари сурилишига хизмат қилиши шубҳасиз», дейилган мактубда.
Мактуб якунида давлат раҳбари ўзининг Президент лавозимига қайта сайлангани муносабати билан йўлланган табрик ва тилаклар учун Одри Азулега миннатдорлик билдириб, унга мустаҳкам соғлиқ ва муваффақиятлар тилаган.
Аввалроқ Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллаганди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев АҚШ президентига мактуб йўллагани хабар қилинган.