Тошкентда ифлос қор ёғди
Тошкент шаҳрида 17 ноябрь, чоршанба куни соат 6:00 дан бошлаб ифлос қор ёғди. «Ўзгидромет» ахборот хизмати бунинг сабаблари борасида «Bugun.uz»га маълумот берди.

Қайд этилишича, қор қатлами соат 10:30 да 12 сантиметрни ташкил этган. Кислоталилик (pH), электр ўтказгичлилик ва ион таркибини аниқлаш учун қордан намуналар олинган. Қор намуналари олинганда ифлосланган қор қатламлари (қизғиш лой ранги) кузатилган. Ифлосланган қор ёғишига 4 ноябрда Қозоғистон жанубида ва 16 ноябрда Бухоро вилоятида кузатилган қум бўронлари сабаб бўлган.
«Агар Тошкентда 14 ноябрда ёғинлар ёғиб ҳаво тозаланган бўлса, Бухоро вилоятида эса ёғинлар бўлмаган. 17 ноябрда республиканинг бутун ҳудудига шамолнинг тезлашиши ва баъзи жойларда қумли бўрон билан совуқ нам ҳаво массаси кириб келган. Шамол тезлигидан кўтарилган чанг масофага кўчди ва тупроқ ва қум рангини бўяб Тошкент шаҳрига чўккан.
Атмосфера ҳавоси таҳлил натижалари кўрсаткичлари: қорнинг pH-9,6 ни ташкил этди-ишқорли муҳит. Одатда pH-7 бўлади. Электр ўтказувчанлик 73,2 ни ташкил этди, бу анионлар ва катионларнинг унча катта бўлмаган концентрациясидан далолат бўлади ва инсон саломатлигига зиён етказмайди», дейилади хабарда.
Шунингдек, соат 5:10 да Тошкент шаҳрида атмосфера ҳаосида муаллақ зарраларнинг кескин ошиши қайд этилган, улар 2.3 REMни ташкил этган. Таъкидланишича, ёғинлар ёғиши натижасида ҳавони тозаланишинг содир бўлади.
Аввалроқ «Bugun.uz» фотомухбири куз фаслида биринчи қор билан бурканаётган шаҳарнинг айрим кўчаларидан махсус фоторепортаж тайёрлаганди. Эслатиб ўтамиз, NASA Тошкентда кузатилган чанг бўронини «мисли кўрилмаган» деб баҳолаган. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг энг кўп чанг тўпланган шаҳарлари рўйхати эълон қилинган.