Янгиликлар - 16:37 · 18.11.2021

АҚШ Ойда ҳаракатланадиган автомобилни намойиш қилди — видео

АҚШнинг «Northrop Grumman» аэрокосмик компанияси Ойда ҳаракатланадиган машинани намойиш қилди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди.

Фото: «iStock»

Маълум қилинишича, корпорация машинани «Intuitive Machines» ва «Lunar Outpost» космик компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқади. Шунингдек, бошқарув ва аккумуляторлар учун масъул бўлган автомобиль ишлаб чиқарувчи «ABL» компанияси ҳамда шиналар ишлаб чиқарувчи «Michelin» ҳам мазкур лойиҳада ҳамкорлик қилади. Аввалроқ бу компаниялар NASA билан Ойда ҳаракатланадиган транспорт воситалари ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қилганди.

«Ҳамкорларимиз билан биргаликда биз NASA’га мослашувчан ва арзон транспорт воситасини тақдим этамиз, бу эса Ой сиртини тадқиқ қилишга сезиларли ёрдам беради ва у ерда узоқ муддатли бўлишини таъминлайди», — деган «Northrop Grumman» фуқаролик ва тижорат операциялари бўйича вице-президенти Стив Керин.

Бундан ташқари, лойиҳага америкалик астронавтлар Харрисон Шмитт ва Чарльз Дьюк ҳам жалб қилинган. Улар аллақачон Apollon дастури бўйича Ойга парвоз қилган. Ишлаб чиқувчилар уларнинг ой транспортини бошқариш тажрибасини ҳисобга олишни режалаштирмоқда.

Фотo: «Northrop Grumman»

Аввалроқ NASA марсоходи олган янги суратлар эълон қилинганди. Шунингдек, космосда узук шаклидаги гигант юлдузлар тўплами аниқланганди.