Янгиликлар - 18:07 · 18.11.2021

«Аёлига зўравонлик қилаётганларга кўрилаётган чоралар етарли эмас» — Танзила Норбоева

Сенат раиси Танзила Норбоева 18 ноябрь куни бўлиб ўтган 21-ялпи мажлис давомида мамлакатда аёлларга қилинаётган зўравонликлар ҳали ҳам давом этаётганига тўхталди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров хабар берди.

Фото: Сенат матбуот хизмати

Унинг сўзларига кўра, нодавлат-нотижорат ташкилотлари томонидан аёлларни реабилитация қилиш марказлари фаол иш олиб бормоқда, аммо бу бўйича ҳали ҳал қилиниши керак бўлган ишлар етарлича.

«ННТ томонидан аёлларни реабилитация қилиш марказлари халқаро стандартлар асосида иш олиб боряпти. Биз хотин-қизларга ижтимоий ёрдам беришда уларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланишимиз керак. Шунингдек, мазкур йўналишда кадрлар салоҳияти масаласи ҳам муҳим. Кимлар аёлларни реабилитация қиляпти? Кимлар аёлларга психологик, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам беряпти? Бу борада ҳам етарлича муаммолар бор.

Бундан ташқари, бугунги кунда ёрдамга муҳтож аёлларга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳимоя ордери бериляпти. Лекин ўша аёли бир ойдан сўнг яна зўравон эри билан ҳаётини давом эттиради. Яна бошқатдан аввалги салбий ҳолатлар бошланади.

Шунинг учун биз, биринчи навбатда, бу тоифадаги аёлларни тўлиқ нормал ҳаётга қайтариш чораларини кўришимиз керак. Уларни ‘аёллар дафтари’га киритиб, уй-жой масаласи, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш чорасини кўриш лозим. Бу ҳам инсон ҳуқуқи, аёл ҳуқуқи. Аёлига зўравонлик қилаётган шахсларга нисбатан кўрилаётган чоралар етарли эмас. Гарчанд улар қонунчилигимизда белгиланган бўлишига қарамай. Шундай бўлса ҳам, бу бўйича ишларни тизимли назоратга олиш керак», — дейди Сенат раиси.

Мавзуга доир: Аёлларга нисбатан зўравонликда уларнинг ўзи айбдорми? Мутахассис мулоҳазаси

Аввалроқ Ўзбекистонда хотин-қизлар учун махсус миллий имиж яратилиши хабар қилинганди. Шунингдек, зўрлик ҳолатлари учун жиноий жавобгарлик кучайтирилиши мумкинлиги маълум қилинган.