Бухоро вилояти ССБга тегишли корхона 75,5 тонна бензинни 5300 сўмдан сотиб олди
Бухоро вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармасининг ихтисослаштирилган автотранспорт корхонаси 17 ноябрь куни жами 2 миллиард сўмлик шартномани Давлат харидлари порталида эълон қилди. Ҳужжат 25 май куни имзоланган бўлиб, унда бошқарма 235 минг 784 литр Аи-80 ни 5300 cўм, 53 200 литр Аи-90 ни 6300 сўм ва 11 400 литр дизель ёнилғисини 7600 сўмдан сотиб олган.

Шунингдек, корхона Тошев Шоҳруҳ раҳбарлигидаги «Eco Neft Magnat» МЧЖдан деярли 400 миллион сўмга яна 75 471 литр Аи-80 ни 5300 сўмдан сотиб олган.
Аи-80 маркали бензиннинг бошланғич ва биржа нархлари динамикаси (2021 йил 12 ноябрь ҳолатига кўра):

Биржа маълумотларига кўра, 2021 йил бошидан бери Аи-80 маркали бензиннинг бошланғич баҳоси ўртача 70 фоизга ўсиб, маҳсулотнинг бир тоннаси учун 10 005 минг сўмни ташкил қилган.
Шунингдек, Ўзбекистонда 17 ноябрдан бошлаб биржа савдоларида Аи-80 маркали автомобиль бензини нархи 8 фоизга арзонлашди. Яъни биржа савдоларига қўйилган Аи-80 маркали автомобиль бензинининг ўртача сотилиш нархлари 1 тоннаси 10 миллион 129 минг сўмдан 9 миллион 365 минг сўмга тушди.
Аввалроқ Ўзбекистонда 10–15 кун ичида бензин нархи ўзгариши маълум қилинганди. Шунингдек, Brent нефти ва Аи-80 маркали бензин нархи кўтарилиши ўртасида боғлиқлик бор ёки йўқлигига аниқлик киритилган.