Давлат божхона қўмитасига янги раис тайинланди
Бош прокурор ўринбосари, Адлия катта маслаҳатчиси Акмалхўжа Юсупович Мавлонов 18 ноябрь куни Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Давлат божхона қўмитасига 2018 йил февраль ойидан бери раҳбарлик қилиб келган Мурод Азимов Қашқадарё вилояти ҳокимлигига тайинланган.
Маълумот учун, Акмалхўжа Мавлонов 1975 йилда туғилган, маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2002 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. Прокуратура органларидаги иш фаолиятини 2002 йилда Давлатобод туман прокуратурасида бошлаб, Наманган вилояти прокуратураси органларида турли лавозимларда, 2006 йилдан Бош прокуратура бошқарма прокурори, катта прокурори лавозимларида ишлаган.
2017 йил мартигача Фарғона вилояти Марғилон шаҳар прокурори, 2017 йилда Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари, 2017–2018 йилларда Хоразм вилояти прокурори лавозимларида фаолият юритган.
2018 йил февраль ойида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган. Ўша йили август ойида бош прокурор ўринбосари этиб тайинланган.
Акмалхўжа Мавлонов 2019 йил июнидан 2020 йил кузигача Наманган вилояти прокурори бўлган. 2020 йил октябрида бош прокурор ўринбосари лавозимига қайтган.
Аввалроқ Божхона қўмитаси 7 миллиард сўмга 76 та машина харид қилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон божхона хизматларида охирги йилларда қанча ходим жиноий жавобгарликка тортилгани айтилган.