Ер аҳолиси 19 ноябрь куни Ой билан боғлиқ космик ҳодисани кузатади
Ер аҳолиси 19 ноябрь куни деярли 3,5 соат давом этадиган Ойнинг қисман тутилишига гувоҳ бўлади. Бу ҳақда Москва планетарийси матбуот хизматига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса ХV асрдан буён кузатилган энг узун қисман Ой тутилиши бўлади. Уни Океания, Шимолий ва Жанубий Америка, Шарқий Осиё, Шимолий Европа ва Индонезия ҳудудида яшовчи аҳоли кузата олади.
«Ойнинг қисман тутилиши 3 соат 28 дақиқа давом этади (Тошкент вақти билан соат 12:20 дан 15:48 гача). Бу Ойнинг XV асрдан буён қайд этилган энг узун қисман тутилиши бўлади», дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Қуёш ва Ой тутилиши ҳар олти ойда содир бўлади. Бу вақтда Қуёш, Ер ва Ой бир чизиқда жойлашади. Агар бунда Ер ўртада бўлса, унда сайёра аҳолиси Ой тутилишига гувоҳ бўлади.
Аввалроқ Ер аҳолиси ноябрда қандай космик ҳодисаларни кўриши маълум қилинганди. Шунингдек, олимлар Сомон йўли марказидан чиққан ноодатий сигнални ёзиб олгани хабар берилган.