Эрдўғонга «турк дунёси» харитаси совға қилинди — фото
Туркиянинг «Милллий ҳаракат» партияси раҳбари Девлет Бахчели мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга Россия ҳудудининг салмоқли қисмини, жумладан, Сибирни ўз ичига олган «турк дунёси» харитасини совға қилди. Бахчели Эрдўғонга харитани тақдим этаётгани акс этган сурат партиянинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинди.

Қайд этилишича, харитада Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам тасвирланган бўлиб, улар қизил ранг билан белгиланган. Шу билан бирга, Болқон ярим оролининг баъзи мамлакатлари, Эроннинг бир қисми, Россиянинг жанубий ҳудудлари, шунингдек, Сибирнинг катта ҳудуди ва Мўғулистоннинг ғарбий қисми ҳам харитадан жой олган. Улар мос равишда тўқ сариқ рангда кўрсатилган. Олтой, Ёқутистон ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони сариқ ранг билан белгиланган. Аммо ушбу рангларнинг нимани англатиши очиқланмаган.

Таъкидланишича, Бахчели ва Эрдўғон Туркия етакчиси саройида учрашган. Уларнинг учрашуви 45 дақиқа давом этган. Музокаралар якунида ҳеч қандай баёнот берилмаган. Учрашувдан сўнг Бахчели саройни тарк этиб, ўз партияси қароргоҳига кетган.
Аввалроқ Эрдўғон энг етакчи президент кимлигини айтганди. Шунингдек, у янги таҳдид ҳақида маълум қилганди.