Москвада МДҲ хавфсизлик кенгашлари котибларининг йиғилиши бўлиб ўтди
Москвада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар хавфсизлик кенгашлари котибларининг тўққизинчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот хизматига таяниб, «24.kg» хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда халқаро хавфсизлик соҳасидаги қатор масалалар, Афғонистон ҳудудидан келиб чиқувчи хавф, биотехнологиялар, жумладан, синтетик биология ривожланиши билан боғлиқ таҳдидлар муҳокама қилинган. Учрашув иштирокчилари миграция соҳасидаги ҳамкорлик бўйича фикр алмашган.
Кун тартибига кўра, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Хавфсизлик кенгаши котиблари миллий ва минтақавий хавфсизликни таъминлашнинг долзарб муаммолари юзасидан ўз фикрини билдирган.

Аввалроқ Россия ва Марказий Осиё давлати ўртасида ҳарбий соҳадаги келишув маъқулланганди. Шунингдек, АҚШ 2 та Марказий Осиё давлатини диний эркинлик бўйича «қора рўйхат»да қолдирганди.