Наманганда солиқ инспекцияси бошлиғи 15 минг доллар пора билан қўлга тушди — видео
Наманган вилоятида солиқ инспекцияси бошлиғи 15 минг доллар пора билан қўлга тушгани маълум қилинди.

Маълум қилинишича, Наманган вилоятидаги туманлардан бирининг давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳайдовчиси номида бўлган сабзавотчиликка ихтисослашган фермер хўжалигининг 1 гектар ер майдонини бошқа фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилган.
Таъкидланишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси, вилоят прокуратураси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бу мансабдор шахс сўралган пулни хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими 1990 йилда туғилган маҳаллий фуқаро билан келишган ҳолда Урганч туманидаги масъулияти чекланган жамият балансида бўлган 30 сотих ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахс номига мансабдор танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар талаб қилади. Давлат хавфсизлик хизматининг вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пулдан 30 минг долларини олган вақтда ушланган. Хива шаҳрида яшовчи 1984 йилда туғилган фуқаро ҳам тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган шахсга Урганч шаҳри ҳудудидан 2 сотих ер майдони олиб бериш учун 30 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтида ушланган.
Тошкент шаҳрида яшовчи 1992 ва 1993 йилларда туғилган 2 фуқаро ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган фермер хўжалик балансида бўлган 1,9 гектар ер майдонини олиб бериш эвазига 605 минг доллар талаб қилади. Давлат хавфсизлик хизмати Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари департементнинг шаҳар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида улар сўралган пулдан 60 минг долларни аванс сифатида олган вақтида ушланган.
Аввалроқ Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан Тошкент, Наманган ва Фарғона вилоятларида ноқонуний ер сотиш ҳолатлари юзасидан тезкор тадбир ўтказилгани хабар қилинган. Шунингдек, ДХХ жойларда коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйгани маълум қилинган.