Ўзбекистонда эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати узайтирилди
Ўзбекистонда эски ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш муддати 1 йилга узайтирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Telegram’даги канали хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳукуматнинг «Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ўзгартириш киритилган. Унга кўра, эски ҳайдовчилик гувоҳномаси қуйидаги муддатда янгисига мажбурий алмаштирилиши кўрсатилган:
● 2010 йилгача берилганлари — 2022 йил 31 мартгача;
● 2010–2012 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 июнгача;
● 2013–2015 йилларда берилганлари — 2022 йил сентябргача;
● 2015 йилдан кейин берилганлари — 2022 йил 31 декабргача.
Қайд этилишича, илгари ҳайдовчилик гувоҳномасини 2021 йил 31 декабргача алмаштириш мажбурий бўлган. Юқоридаги муддатларгача алмаштирилмаган гувоҳномалар ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши таъкидланган.
Аввалроқ ўзбекистонликлар «права»сини Россиядаги консулхоналарда янгисига алмаштириши мумкинлиги ва Ўзбекистонда қанча ҳайдовчи эски турдаги «права» билан юргани хабар қилинган.