Дунёда бир-биридан ажойибу ғаройиб яратиқлар борки, уларнинг айримлари коинот инъоми сифатида, табиий тарзда, дунёга келган бўлса, бошқаларини биз — инсонлар яратганмиз. Ана шундай ажойиботлар орасида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган маросимлар, урф-одатлар ҳам мавжуд ва бугун биз сиз билан айнан шу ҳақда — дунёнинг энг ноодатий фестиваллари ҳақида сўзлашамиз.

1. La Tomatina, Испания. Испаниянинг шарқида, Ўрта Ер денгизидан 30 километр узоқликда жойлашган Валенциянинг Буньоль шаҳрида ўтказиладиган мазкур фестиваль иштирокчилари кўнгилочар мақсадда, фақат ўйин-кулги учун бир-бирларига помидор улоқтириб, «жанг» қиладилар. Фестиваль 1945 йилдан бери август ойининг охирги чоршанбасида Буньолда бир ҳафталик байрамлар пайтида ўтказилади.

Фото: «CGTN»

«Informe Semanal» деб номланган испан телевизион дастури телебошловчиси Хавьер Басилионинг репортажи натижасида фестиваль Испаниянинг қолган қисмларига ҳам маълум бўла бошлаган. Ўшандан бери фестиваль иштирокчилари сони йилдан йилга ортиб бормоқда. 2002 йилда фестиваль ўз машҳурлиги туфайли Туризм департаменти котиби томонидан Халқаро туристлар эътирофидаги байрам деб эълон қилинган.

2020 йилги тадбир 2021 йилнинг апрель ойида бутун дунё каби Испанияда ҳам авж олган ковид пандемияси сабабли бекор қилинди. Бу галги фестиваль тантаналарнинг 75 йиллиги бўлиши керак эди. Фестиваль шунга қадар фақат бир марта, 1957 йилда сиёсий сабабларга кўра бекор қилинган эди. 2021 йилда у, афсуски, яна бекор қилинди.

2. Бошда ёнғоқ чақиш фестивали, Ҳиндистон. Бу қисман диний маросим бўлиб, унинг қатнашчилари Ҳиндистон ёнғоғини бошга уриб чақиш орқали ўтмиш хотираларидан халос бўлиш ва шу орқали ўзларини худога топширишни мақсад қилади. Қизиғи шундаки, бу эътиқод қилувчилар учун ихтиёрий маросим бўлиб, мажбурлов чоралари бўлишига қарамай, минглаб кўнгиллилар Тамилнаду штатининг Карур шаҳридаги Маҳалакшми ибодатхонаси дарвозаси олдида марҳамат олиш учун навбатда туришади.

Маросим пайтида руҳонийлардан бири навбати келган диндорларнинг бошини ушлаб туради, бошқа бир руҳоний эса ёнғоқни уларнинг бош суягига уриб чақади. Албатта, бу маросим кўпчилик қатнашчиларнинг бош суягига жиддий шикаст етказади. Шундай бўлса-да, аксарият диндорлар худога ҳурмат юзасидан ёки худонинг ғазабига дучор бўлишдан қўрқиб, тиббий ёрдамга мурожаат қилишдан ўзларини тияди.

3. Тухум фестивали, Босния. Ушбу байрам баҳор фасли кириб келганлигини англатади ҳамда у Япониянинг олча гуллари фестивали билан ҳамоҳангдир. Босния халқи кириб келган ушбу ажойиб фаслнинг қувончини нишонлайди ва унинг келишини омлетлар билан кутиб олади.

Фото: «Illuminaija»

Бунда одамлар баҳорнинг биринчи куни эрта тонгда дарё бўйида йиғилишади ва шу ерда турли тухумли таомлар тайёрланади. Очиқ ҳавода юзлаб тухумдан тайёрланаётган улкан омлетни бир тасаввур қилиб кўринг!

Бу таом халқ орасида бепул тарқатилади. Фестиваль, асосан, Босна дарёси бўйидаги Камберовица даласида бўлиб ўтади. Уларнинг наздида тухум янги ҳаёт рамзидир. Мазкур анъана Боснияда бир неча юз йил олдин бошланган ва у мамлакатга дунёнинг турли бурчакларидан ташриф буюрувчиларни доим ўзига жалб қилади.

4. 25 ёшли оила қурмаганларга долчин сепиш, Дания. Дания кўчалари кўпинча долчин билан қопланганлиги ва узоқ йиллик анъаналари билан машҳурдир. Бу ерда агар сиз 25 ёшга кирган ва ҳали оила қурмаган бўлсангиз, дўстларингиз ва оила аъзоларингиз томонидан долчинга кўмилишга маҳкумсиз. Ва, энг қизиғи, жараён шу билан тугаб қолмайди, долчин танангизга янада кўпроқ ва яхшироқ ёпишиши учун бошдан оёқ сув ҳам сепилади.

Фото: «Business Insider»

Афсоналарга кўра, бу анъана юзлаб йиллар аввалга бориб тақалади. Айтишларича, ўшанда зиравор сотувчилари ўз маҳсулотларини сотиш мақсадида доим у жойдан бу жойга юриб, бўйдоқ бўлиб қолишган, чунки уларда ҳеч қачон бир жойда кимдир билан узоқ вақт бирга бўлиш имкони бўлмаган.

Агар сиз 30 ёшингизда ҳам ҳали бўйдоқ бўлсангиз, энди «қийноқ» даражаси ошади — энди долчин ўрнини қалампир эгаллайди. Сув ўрнини эса тухум. Данияда эркакларнинг ўртача турмуш ёши 34, аёлларники 32 бўлиб келаётганлиги сабабли бу анъана анчайин чекинган, чунки ҳаммани оммавий «жазога тортиш» имконсиз.

5. Маймун буфет фестивали, Таиланд. Мазкур фестиваль 2007 йилдан бери Таиланднинг Лопбури шаҳрида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинади. Қанчалар ажабланарли бўлмасин, бунда одамлар ёввойи узун думли макакалар учун зиёфат уюштиради.

Фото: «Festival Sherpa»

Бу фестиваль Тиландда туризмни ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Лопбури шаҳри Бангкокдан 150 километр шимолда жойлашган. Шаҳарнинг сайёҳларни жалб қиладиган асосий диққатга сазовор жиҳати — бутун шаҳар бўйлаб эркин яшайдиган минглаб маймунлардир. Бу маймунлар давлат томонидан ҳимояланган ва уларга ҳужум қилиш ёки ҳайдаш тақиқланади.

Маймунлар ҳар куни шаҳар бюджетидан ажратилган маблағлар ҳисобидан озиқ-овқат билан таъминланади. Лопбури провинциясига сайёҳларни жалб қилиш усулларидан бири ҳар йили ноябрь ойининг охирги якшанбасида маймунлар учун мевали буфет ташкил этишдир. Бунда минглаб маймунлар Лопбури провинциясидаги Пра Пранг Сам Ёт ибодатхонасида тўпланиб, у ерда буфет столида ўтиришади.

Маълумотларга кўра, тадбир давомида маймунлар банан, олма, узум каби 4 тоннага яқин мева истеъмол қилади ва мева шарбати, сут, минерал сув каби кўплаб турли хил ичимликлар ичади. Мармелад ҳам ушбу зиёфатнинг ажралмас таомларидан биридир. Буфет эрталаб соат 10 да бошланади. Байрамда мевалар ва ичимликлардан ташқари маймун ҳайкаллари ҳам безак сифатида ишлатилади. Кўпчилик таиландликларнинг фикрича, маймунларни боқиш омад келтиради, шу сабабли фестиваль маҳаллий сайёҳларни ҳам ўзига тортади.

6. Полтерабенд, Германия. Мазкур немис тўй маросимига кўра, тўйдан олдинги кечада меҳмонлар эр-хотиннинг никоҳига омад келтириши учун чинни идишларни синдиради. Полтерабенд одатда келиннинг ёки унинг ота-онасининг уйи олдида бўлиб ўтади. Кўпинча меҳмонлар ўзларининг тўй муносабати билан тайёрлаган совғаларини Полтерабендга олиб келишади.

Фото: «Business Weddings»

Маросимнинг энг кульминацион нуқтаси меҳмонлар томонидан олиб келинган чинни буюмларнинг ерга улоқтирилишидир. Шунингдек, уларнинг сафига тош буюмлар, гулдонлар ёки плиткалар ва бошқа керамик идишлар ҳам қўшилиб кетади. Бироқ аҳиша буюмлар синдирилишига йўл қўйилмайди, чунки улар бахт рамзи саналади. Шундан сўнг эр-хотин синган идишлар уюмини тозалашга киришади. Бу эр-хотиннинг ҳаётдаги қийин шароит ва вазиятларни бирга енгиб ўтишлари лозимлигини англатади.

7. Юзга торт чаплаш анъанаси, Мексика. Барчага маълум ва машҳур бу анъананинг ватани Мексикадир. Бунда туғилган куни бўлаётган кишининг қўллари боғланади ва унга торт келтирилади. Атрофдагилар «морида, морида» дея такрорлайди. Бу испанчада «тишла» дегани. Сўнг туғилган кун эгаси тортни тишламоқчи бўлиб бўйин чўзганда, ширинлик унинг юзига чапланади. Тамом!

Фото: «VICE»

Маъзкур анъана, айниқса, сураткашларнинг севимлиси ҳисобланади. Лекин кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, бутун дунё бўйлаб тарқалган бу анъанадан норозилик тўлқини кучайиб бормоқда ва буни исрофгарчилик, бемаънилик дея изоҳлашмоқда.

Айримларнинг фикрича, торт ичида ўткир шамлар ёки безаклар бўлиши мумкин, сиз дўкондан тайёр сотиб олган тортингизнинг ичида нима борлигини билмайсиз ва бу билан туғилган кун эгасини хавфга қўйишингиз мумкин. Яна бошқаларга кўра, тортларнинг устки қисми «юзга чаплаш учун мослаштирилиб» турли нотабиий маҳсулотлар, ранглар ва кўпиксимон моддалар билан безатилмоқда ва бу маҳсулотларнинг истеъмоли у қадар ҳам хавфсиз эмас.

8. Иврея карнавали (апельсинлар жанги), Италия. Шимолий Италиянинг Иврея шаҳрида ўтказиладиган мазкур фестиваль апельсин жангчилари деб номланувчи уюшган гуруҳлар ўртасида ўзаро апельсин отиш анъанасини ўз ичига олади. Бу Италия ва унга қўшни мамлакатлар орасида кузатиладиган энг йирик озиқ-овқат «курашидир».

Фото: «Carnifest»

Фестиваль 2021 йилда «танаффус олди». Илгари ҳам фестивални бекор қилиш ҳолатлари учраган бўлиб, бу 1915–18 ва 1940–45 йилларга тўғри келади. Асосий байрам анъанавий карнавал кунлари: якшанба, душанба ва сешанба кунларида бир-бирларига апельсин отадиган тўққизта жанговар жамоага бўлинган минглаб шаҳарликлар иштирокидаги маҳаллий машҳур «апельсинлар жанги»га асосланади.

Карнавал февраль (баъзан март) ойида бўлиб ўтади. Анъанага кўра, карнавалнинг ёпилиш пайтида янграйдиган сокин марш охирида генерал ўз шевасида «arvedse a giobia a ‘n bot» классик ибораси билан ҳамма билан хайрлашади.

9. Бармоқ кесиш маросими. Севимли инсонининг вафоти кишига кучли руҳий таъсир кўрсатиши табиий. Бироқ ер юзида шундай маданиятлар борки, бунда юқоридаги каби йўқотиш нафақат ҳиссий, балки жисмоний оғриқларга ҳам олиб келиши мумкин — улар ҳиссий оғриқнинг жисмоний тасвирини қайғу жараёнида муҳим деб ҳисоблашади.

Буни Папуа ва Янги Гвинея ҳудудидаги Дани қабиласи мисолида кўриш мумкин. Бунда ҳар бир дафн маросимидан сўнг кимнингдир бармоқлари кесиб ташланади ва бу, асосан, қабиланинг аёллари билан содир бўлади. Агар оиланинг бирор аъзоси, масалан, аёлнинг боласи вафот этса, аёл бармоғининг юқори қисмини кесиб ташлайди. Бу маросим руҳларни хурсанд қилиш ва ҳайдаш учун амалга оширилган ва, шу билан бирга, унга жисмоний оғриқни қайғу ва азоб-уқубат ифодаси сифатида ишлатиш усули сифатида қаралган.

Дани қабиласи аъзоларининг диний эътиқодига кўра, агар марҳум тириклигида қудратли шахс бўлган бўлса, унинг вафоти қишлоқда узоқ вақт давом этадиган руҳий тушкунликка сабаб бўлади. Ҳозирда Янги Гвинеяда бу маросим тақиқланган бўлиб, унинг изларини бармоқ учларини кесган баъзи кекса аёлларда кўриш мумкин.

10. Чақалоқни улоқтириш маросими, Ҳиндистон. Чақалоқ ташлаш Ҳиндистоннинг маълум қисмларида амалга ошириладиган ҳинд маросими бўлиб, бунда 2 ёшгача бўлган чақалоқлар руҳоний томонидан силкитилади ва 30-50 футлик зиёратгоҳ ёки масжиддан ташлаб юборилади. Декабрь ойининг биринчи ҳафтасида нишонланадиган бу маросим Ҳиндистоннинг Махараштра ва Карнатака штатларининг қишлоқ ҳудудларидаги ҳиндулар ва мусулмонлар томонидан ўтказилади.

Унда ҳар йили икки юзта оила қатнашади ва икки юздан ортиқ чақалоқ баландликдан улоқтирилади. Маросим 700 йиллик тарихга эга. Ўша пайтларда у, асосан, касал ва ўлим ёқасидаги чақалоқлар билан ўтказилган ва улоқтиришдан кейин пастда чойшаб пайдо бўлиб, болани тутиб қолса, у омон қолишига ва худонинг марҳаматига эга бўлишига ишонилган. Кейинчалик маросим диний тантана, ҳар бир оиланинг бурчи сифатида мазмунан янгича тус олган.

Қишлоқ аҳолиси бу маросим болага омад ва узоқ умр олиб келади деб ишонишади. 2009 йилда Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий комиссияси маросимни тақиқлашга уринган бўлса-да, у 2011 йилда Дигамбарешвара ибодатхонасида қайта тикланди.

Бизда ҳозирча шулар. Нима деб ўйлайсиз, бизнинг қайси удум, маросим ё тантаналаримизга мазкур рейтингдан ўрин берса бўлади?