Ўзбекистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан сўнг давлат амалдорлари ҳам бирин-кетин ўзгаришни (тўғрироғи, жой алмаштиришни) бошлади. Асосий ўзгаришлар вилоят ва туман (шаҳар) ҳокимликларида содир бўлди. Биринчи бўлиб Навоий вилояти ҳокими ўзгаришларни бошлаб берган бўлса, у ердаги туманлар ва мана, бугунга келиб, Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари раҳбарлари ҳам ўзгарди.

Охирги бир ҳафтада сиёсий майдонда шунчалик кўп ўзгариш бўлдики, одамлар ким қаерга кетганию, энди нима билан шуғулланишини билишга улгурмай қолди. «Bugun.uz» шу сабабли охирги кунларда сиёсий саҳнада содир бўлган ўзгаришларга батафсил тўхталишга қарор қилди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Навоий вилояти ҳокими Турсунов ўрнига бошқа Турсунов келди

Вилоят ҳокими Қобил Турсунов 8 ноябрь, душанба куни Президентнинг тегишли фармони билан вазифасидан озод қилинди. 2016 йилдан бери вилоят раҳбари сифатида фаолият юритган Турсунов соғлиғи даволаниш талаб этгани сабабли ўз аризасига биноан ишдан бўшаган.

Қобил Турсунов
Фото: Навоий вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

Қобил Турсуновнинг ўрнига Президентнинг тегишли фармони билан Нормат Турсунов Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. У бунга қадар Тошкент шаҳри Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган. Унинг ўрнига 16 ноябрь, сешанба куни Юнус Насимжонов раҳбар этиб тайинланди.

Нормат Турсунов
Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Эсингизда бўлса, колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов Навоийда бўлган ўзгаришга атаб карикатура ҳам чизганди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Вилоятга янги раҳбар тайинлангандан сўнг (ҳали шунчаки вазифасини бажарувчи) туманларда ҳам ўзгаришлар бўлди. Хусусан, шу пайтгача Қизилтепа тумани ҳокими сифатида фаолият юритиб келган Шабон Набиев (у туманга 25 йил давомида раҳбарлик қилган) бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Навоий шаҳридаги «Zarafshan Golden Group» МЧЖ таъсисчиси Улуғбек Файзиев ҳоким этиб тайинланди.

Навоий вилоятида ҳозирча шу. Агар яна ўзгариш бўлса, албатта, хабар берамиз. Ҳозирча бундан кейин содир бўлган ўзгаришлар ҳақида тўхталамиз.

Собиқ Давлат солиқ қўмитаси раиси, бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Унинг эски иш жойи вакант бўлиб қолмоқда

Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келган Беҳзод Анварович Мусаев соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. Бунгача ушбу лавозимни эгаллаб келган Абдуҳаким Хожибоев вазифасидан озод этилди. У ҳозирда Касаба уюшмалари федерациясида иш бошлади.

Беҳзод Мусаев
Фото: «Bugun.uz»

Ушбу шахснинг соғлиқни сақлаш соҳасига алоқаси йўқ, дейишингиз мумкин, лекин у бир ярим йил давомида тиббиёт соҳаси вакиллари билан яқин ҳамкорликда фаолият юритиб келган. Шу сабабли ҳам вазирлик лавозимига айнан Мусаев номзоди танланган (тахминларга кўра, кризис-менежер сифатида).

Айтганча, Беҳзод Мусаев 2020 йил ёзида собиқ соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов бетоб бўлиб, шифохонага ётқизилганда бир муддат соғлиқни сақлаш вазири вазифасини ҳам бажариб турган. Хуллас, унга бу соҳа бегoна эмас.

Беҳзод Мусаев ёш — 1973 йилда туғилган. 1995 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2004 йилда эса Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган. Шунингдек, у иқтисод фанлари номзоди ҳисобланади.

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов ССВ раҳбарлигига келган Мусаевга атаб ҳам карикатура чизганди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

Бу орада Исломов Бахтиёр Жаҳонгирович Президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди. Ушбу лавозимда Рустам Иноятов (собиқ МХХ раиси) фаолият олиб бораётган эди. Эндиликда Иноятов бошқа лавозимга тайинланадими ё йўқ — маълум эмас.

Халқ таълимига элчи келди, Шерзод Шерматов АТКга кетди

Эсингизда бўлса, Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқлар блокланиб-очилиши ортидан ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ўз лавозимидан озод қилинганди. Энди унинг ўрнини халқ таълими вазири Шерзод Шерматов эгаллади

Шерзод Шерматов
Фото: «Bugun.uz»

Шу муносабат билан у ХТВдаги ўрнини Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидовга бўшатиб берди. Балки, Хитой тажрибасидан нимадир бордир, кўрамиз.

Бахтиёр Саидов
Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Қашқадарёда вилояти ҳокими Тошкент вилоятига раҳбар бўлди.  Даврон Ҳидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими этиб тайинланди. Қашқадарёга Давлат божхона қўмитаси раиси раҳбар бўлиб келди

Зойир Мирзаев
Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти ҳокими Зойир Мирзаев расман лавозимидан озод этилди ва Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Унинг ўрнига Қашқадарё вилоятига 2018 йил февраль ойидан бери Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган Мурод Азимов ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Вилоят ҳокими бўлиб кетган Мурод Азимов ўрнига бош прокурор ўринбосари, Адлия катта маслаҳатчиси Акмалхўжа Юсупович Мавлонов 18 ноябрь куни Давлат божхона қўмитаси раиси лавозимига тайинланди.

Акмалхўжа Мавлонов
Фото: «namangan24.uz»

Зойир Тоировичдан олдин Тошкент вилоятига раҳбарлик қилган Даврон Абдулпаттахович Ҳидоятов Чирчиқ шаҳри ҳокими лавозимини эгаллади.

Даврон Ҳидоятов (ўртада)
Фото: Denis Gordiiko

Тасдиқланган-тасдиқланмаган миш-мишлар

Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Ўзбекистон бош вазири ўринбосарлигига тайинланиши кутилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. «Bugun.uz» расмий изоҳ олиш учун шаҳар ҳокимлигига боғланди. Ахборот хизматининг маълум қилишича, айни пайтда уларда бундай маълумот йўқ.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Фото: «Bugun.uz»

Бундан ташқари, Фарғона вилояти Қўқон шаҳар ҳокими Маъруф Усмонов лавозимидан озод этилиши кутилмоқда. «Bugun.uz» манбаси ушбу маълумотни тасдиқлади. Кейинчалик туман ҳокимлиги ушбу маълумотни рад этди. Маълум қилинишича, Маъруф Усмонов ўз вазифасида ишламоқда.

Маъруф Усмонов
Фото: Қўқон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳозирча юқоридаги икки хабар расмий даражада тасдиқлангани ва эълон қилингани йўқ.