Сурхондарёда қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган «Spark» «Cobalt» билан тўқнашди — видео
Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида 15 ноябрь куни қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган «Spark» «Cobalt» билан тўқнашди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, 15 ноябрь куни соат тахминан 07:00 да вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси навбатчилик қисмига хабар келиб тушган. Унда Шўрчи туманидан ўтувчи Бишкек–Душанбе–Термиз автомобиль йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани айтилган.
Аниқланишича, «Spark» русумли автомашина ҳайдовчиси тезликни ошириши оқибатида қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Cobalt» русумли транспорт воситаси билан тўқнашган. Оқибатда «Spark» русумли автомашина ҳайдовчиси олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида ҳалок бўлган.
Қайд этилишича, «Spark» русумли автомашина ҳайдовчиси тезликни меъёридан ошириш учун давлат рақам белгисини ечиб ҳаракатланиб, радарларни четлаб ўтмоқчи бўлган.
Аввалроқ Самарқандда йўл-патруль хизмати машинаси ва микроавтобус тўқнашганди. Шунингдек, Қашқадарёда ЙПХ машинаси «Damas» билан тўқнашгани ҳақида хабар берилган.