«Толибон» ҳаракати: ҳарбий салоҳияти, берилган ваъдалар ва бошқарув шакли
«Толибон» ҳаракати Афғонистонда қўлга олинган ҳарбий техникаларда парад ўтказяпти. Уларда бу техникалардан фойдаланишни биладиган мутахассислар борми? Давлат шариат қоидалари асосида бошқарилаётгани нечоғлик рост? Қизларнинг таълим олиши бўйича берилган ваъдалар нима бўлди? «Bugun.uz»нинг Афғонистондаги мухбири афғонистонлик ҳарбий соҳа таҳлилчиси Асадуллоҳ Надим билан шу каби саволлар юзасидан суҳбатлашди.

Унга кўра, «Толибон» ҳаракати шариат қоидалари асосида иш олиб боришини маълум қилган, аммо мамлакатни идора қилиш бўйича аниқ кўрсатмаларга эга ҳужжат мавжуд эмас. Аҳоли бундан мутлақо бехабар. Ҳамма бирдай амал қилиши мумкин бўлган умумий қоидалар мажмуи йўқ.
Шунингдек, таълим вазирликлари қизларга мактабга боришга рухсат берилишини, университетлар очилишини ваъда қилган, аммо бу бўйича деярли ҳеч нарса амалга оширилмаган.
Таҳлилчининг айтишича, толиблар орасида бир қанча одамлар ҳарбий техникалардан (қурол-яроғ, ҳарбий машиналар) фойдаланишни билади. Лекин техникаларда кузатиладиган носозликларни тузата оладиган мутахассислар мавжуд эмас.
Аввалроқ Кобул аҳолисининг айни пайтдаги яшаш шароити бўйича таҳлилчи билан суҳбатнинг биринчи қисми ҳавола этилганди. Хусусан, унда Кобул аҳолисининг ҳаёти, уларнинг умумий кайфияти қандайлиги, давлат томонидан аҳолига қандай ёрдам кўрсатилаётгани бўйича саволларга ҳарбий таҳлилчининг муносабати келтириб ўтилган.