Тошкентда кучли таъсир қилувчи препаратларни сотмоқчи бўлганлар ушланди
Тошкент шаҳри Учтепа ва Мирзо Улуғбек туманларида кучли таъсир қилувчи дори воситаларини сотмоқчи бўлганлар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, мазкур шахслар Учтепа туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган. Жумладан, фуқаро М.М. ва бошқалар фуқаро А.га 15 дона «Тропикамид» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 1,5 миллион сўмга сотган вақтида ушланган. Уларнинг ёнида бўлган 41 дона «Тропикамид», 22 дона «Регапен», 18 дона «Селофен» ва 17 дона «Зардекс» препаратлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Мирзо Улуғбек туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Н.Қ. фуқаро Б.га 4 дона «Регапен» номли кучли таъсир қилувчи дори воситасини 100 минг сўмга сотган вақтида ушланган. Унинг ёнида бўлган 111 дона «Зардекс», 27 дона «Регапен», 11 дона «Селофен» ва 8 дона «Тропикамид» номли дори воситаси ашёвий далил сифатида олинган.

Таъкидланишича, ҳозирда ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 1863-моддаси (таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Андижонда психотроп дориларни ноқонуний сотмоқчи бўлган аёллар ушлангани ва Сирдарёда фуқаро уйида 566 грамм марихуана сақлаб келгани аниқлангани маълум қилинган.