Зойир Мирзаев расман Тошкент вилояти ҳоким в.б. этиб тайинланди
Қашқадарё вилояти собиқ ҳокими Зойир Мирзаев 18 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоят ҳокимлиги мажлислар залида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишда Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов иштирок этган. Шунингдек, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар секторлар раҳбарлари, халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши депутатлари, Сенат аъзолари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари қатнашган.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилиб, администрация раҳбари Президент фармони билан йиғилиш иштирокчиларини таништирган. Вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов лавозимидан озод этилиб, айни пайтга қадар Қашқадарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият юритиб келган Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Аввалроқ Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинлангани ва вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Аҳрор Содиқов бу маълумотни «Bugun.uz»га тасдиқлагани хабар қилинганди.