Янгиликлар - 13:27 · 19.11.2021

АҚШда Путинни Россия президенти деб тан олмаслик таклиф қилинди

АҚШда конгресмен Стив Коэн ва Жо Уилсон Владимир Путин 2024 йилда янги муддатга ўз номзодини қўйса, уни Россия президенти сифатида тан олмасликка чақирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «РИА Новости»

Маълум қилинишича, тегишли таклиф АҚШ Конгреси Вакиллар палатасига киритилган. Қарор лойиҳасида Россия конституциясига киритилган ўзгартиришлар «Россия Федерацияси қонунлари ва халқаро мажбуриятларини бузган ҳолда» амалга оширилгани айтилган.

«Президент Владимир Путиннинг 2024 йил 7 майда амалдаги ва якуний муддати тугагунига қадар ўз лавозимида қолишга бўлган ҳар қандай уриниши Қўшма Штатлар томонидан тан олинмаслигига олиб келиши керак», — дейилган ҳужжатда.

Таъкидланишича, қарор қабул қилинган тақдирда ҳам у тавсия характерига эга бўлади.

Аввалроқ Путин Марказий Осиёга ёрдам бериш борасида гапирганди. Шунингдек, у Россиянинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларини айтганди.