Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил президенти Исҳак Герцог билан телефон орқали суҳбатда икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларни минималлаштириш тарафдори эканини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: «Head Topics»

Маълум қилинишича, суҳбатда Туркия–Исроил муносабатлари ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинган. Президент Эрдўғон томонлар ўртасидаги муносабатлар Яқин Шарқ хавфсизлиги ва барқарорлиги учун муҳим эканини қайд этган. Давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларни минтақавий масалаларда ўзаро тушуниш йўли билан минималлаштириш мумкинлиги айтилган. Минтақада тинчлик, бағрикенглик ва бирга яшаш маданиятини тиклаш зарурлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, Туркия президенти бу борада Фаластин–Исроил муносабатларини ривожлантириш ва тинчлик жараёнини қайта бошлаш устувор вазифалар эканини таъкидлаган. Шунингдек, у Туркия ва Исроил ўртасидаги алоқани давом эттириш икки давлатнинг умумий манфаатларига мос келишини таъкидлаган.

Аввалроқ Эрдўғон энг етакчи президент кимлигини айтганди. Шунингдек, Туркия президенти АҚШдан нима кутаётганини маълум қилганди.