Янгиликлар - 22:45 · 19.11.2021

Фарғонада «Lacetti» билан тўқнашган «Nexia-3» ҳайдовчиси билан ёниб кетди

Фарғона вилояти Олтиариқ туманида 19 ноябрь куни «Nexia-3» «Lacetti» билан тўқнашиб, ёниб кетди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати

Маълум бўлишича, воқеа туманнинг Катпут қишлоғи ҳудудидан ўтган 4Р-112 Фарғона ҳалқаси автомобил йўлининг 257-километрида содир бўлган. Унда 1985 йилда Марғилон шаҳрида туғилган Т.Э. «Nexia-3» русумли автомобилини бошқариб кетаётиб, 1998 йилда Фарғона шаҳрида туғилган А.Ш. бошқарувидаги «Lacetti» русумли автомобиль билан тўқнашган.

Шундан сўнг «Nexia-3» русумли автомобилда ёнғин келиб чиққан. Воқеа оқибатида ҳайдовчи Т.Э. ёниб кетиб, вафот этган. «Lacetti» русумли автомобиль ҳайдовчиси А.Ш. ва унинг онаси Х.Р. эса тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.

Аввалроқ Наманган шаҳрида «Spark» автомобили ёниб кетганди. Шунингдек, Сурхондарёда «Зил» билан тўқнашган «Nexia» ёниб кетгани хабар қилинган.