Навальний қамоқдаги ҳаёти ҳақида гапирди
Россиянинг Владимир вилоятидаги ахлоқ тузатиш колониясида жазо муддатини ўтаётган мухолифатчи Алексей Навальний Facebook’да ўзининг қамоқхонадаги ҳаёти ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, мухолифатчи постида қамоқхона режимининг кундалик ҳаёти ва «байрамлари» ҳақида, хусусан, яқин одамлар ва қариндошлар билан учрашув ҳақида гапирган. У қамоқхонада вақт ўтиши билан муҳим воқеалар аҳамиятли бўлишини айтган. Навальний душанба ва жума кунлари тухум истеъмол қилиш, маҳсулотлар хариди учун озиқ-овқат дўкончасига бориш, қариндошлардан почта олиш — маҳбус учун аҳамиятли эканини таъкидлаган.
Шунингдек, у маҳбусларнинг кўпчилиги қамоқдан чиқишига қанча муддат қолганини айтиши мумкинлигини қайд этган. «Аммо менинг қамоқ муддатим тугашига оид истиқболларим, юмшоқ қилиб айтганда, ноаниқ, шунинг учун ҳам уни ҳисоблашнинг маъноси йўқ», — дейди у.
Мухолифатчи қариндошлар билан учрашув муддатини кутиш оғриқли масала эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, казармада бўш курси олдида ўтириб, унда рафиқаси Юля ўтирганини тасаввур қилиши мумкин.
Аввалроқ Германия Навальний бўйича Россиянинг сўровларига жавоб бермагани маълум бўлганди. Шунингдек, Франция президенти Путиндан Навальнийни озод қилишни сўрагани хабар берилган.