Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари Афғонистондаги вазиятни муҳокама қилди
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 18 ноябрь куни Москва шаҳрида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, учрашувда ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарлари олий даражадаги Россияга кутилаётган ташрифга томонларнинг тайёргарлиги юқори даражада эканини мамнуният билан қайд этган ҳамда давлатлараро муносабатларнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Қайд этилишича, жараён давомида икки мамлакатнинг халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида яқин алоқаларни давом эттириш ҳамда ўзаро қўллаб-қувватлашга тайёрлиги билдирилган. Шунингдек, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилган.

Учрашув якунида вазирлар ахборот ва биологик хавфсизлик соҳасида қатор икки томонлама ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Россия Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида 2022–2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини имзолаган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 2 йил аввал «Толибон» ҳаракати билан олиб борилган музокаралар ҳақида гапирганди. Шунингдек, Президент Афғонистон билан чегарадаги ҳолат ҳақида фикр билдирганди.