Янгиликлар - 20:03 · 19.11.2021

Ўзбекистонда талабаларнинг давлат имтиҳонини қайта топшириш жараёнига ўзгартириш киритилди

Ўзбекистонда якуний давлат аттестациясидан ўта олмаган олий таълим муассасалари битирувчиларига йилига 2 мартагача қайта топшириш имконияти берилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, Адлия вазирлиги томонидан олий ва ўрта махсус таълим вазирининг Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи буйруғи давлат рўйхатидан ўтказилган. Унга кўра, якуний давлат аттестация синовидан ўта олмаганлар кейинги ҳар бир ўқув йилида (3 йил давомида) ўз аризасига мувофиқ 2 мартагача имтиҳонни қайта топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Маълум бўлишича, олдинги тартиб бўйича битирувчи якуний давлат аттестацияси синовидан ўта олмаган тақдирда кейинги йилларда қайта топшириш ҳуқуқига эга бўлган. Қайд этилишича, ушбу ҳолат талаба учун бирмунча қийинчиликлар туғдирган ва унинг бир йил вақтини мақсадли сарфлай олмаслигига сабаб бўлиб келган. Эндиликда талабалар томонидан қайта топшириш тўғрисидаги аризалар йиғилишига қараб, бир ўқув йилда икки мартагача давлат имтиҳонларини қайта топшириш имконияти яратилган.

Аввалроқ Ўзбекистонда Президент стипендиясини тайинлаш тартиби белгиланганди. Шунингдек, мамлакатда эмланган талабаларга чегирма бериш муддати узайтирилган.