Путин Марказий Осиёга ёрдам бериш борасида гапирди
Россия президенти Владимир Путин Афғонистондаги нотинч вазият Марказий Осиё давлатларига ёрдам кўрсатишга ундаётганини айтди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Келтирилишича, Путин Россия Ташқи ишлар вазирлиги коллегиясининг йиғилишида бу ҳақда маълумот берган.
«Афғонистонда содир бўлаётган воқеалар жанубий чегарада Россия хавфсизлигини таъминлаш, иттифоқчиларимиз бўлган Марказий Осиё давлатларига ёрдам кўрсатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш зарурлигини тақозо этмоқда», — деган у.
Шунингдек, Путин Марказий Осиё Россияни «минтақада барқарорлик кафолати» сифатида кўришини айтиб, Афғонистондан қочқинлар ва террорчиларнинг назоратсиз оқими олдини олиш зарурлигини қайд этган. У Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган «Толибон» ҳаракати ҳақида фикр билдириб, «Москва формати»дан фойдаланган ҳолда улар билан мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидлаган.
«Москва формати маслаҳатлашуви ҳамда Афғонистоннинг қўшни давлатлари ва муҳим ташқи ўйинчилар иштирокида ‘кенгайтирилган учликʼ маслаҳатлашувини фаолроқ олиб бориш керак», — деган Путин.
Унинг фикрича, бундай чора-тадбирлар Афғонистонда тинчлик ва жамоат тартибини ўрнатиш, у ерда террорчилар ва гиёҳванд моддалар савдосини йўқ қилишга хизмат қилади.
Аввалроқ Путин Россиянинг ташқи сиёсатдаги устувор йўналишларини айтганди. Шунингдек, у коронавирус билан боғлиқ масала юзасидан огоҳлантирганди.