Россияда хитойликларга ҳужум қилиб, уларни тўнаган 6 нафар ўзбекистонликка суд ҳукми ўқилди
Россиянинг Новосибирск шаҳрида Хитой фуқароларига ҳужум қилиб, уларни тўнаган 6 нафар ўзбекистонлик (улардан бири ҳам қотилликда айбланган) эркакка суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «Сиб.фм» хабар берди.

Маълум қилинишича, 6 нафар ўзбекистонликдан иборат жиноий гуруҳ 2019 йил ёзида иссиқхона мажмуаси ҳудудида Хитой фуқароларига камида икки марта ҳужум қилган. Жараён давомида эса уларнинг пулларини олиб, калтаклаган. Ҳужум оқибатида хитойликлардан бири ҳалок бўлган. Етказилган жами зарар 1,7 миллион рубль (23 минг доллар)га баҳоланган.
Қайд этилишича, 6 нафар ўзбекистонликнинг 5 нафари 8 йилдан 10 йилгача муддатга колонияга жўнатилган, қотилликда айбдор деб топилгани эса 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Аввалроқ Қозоғистонда ўзбекистонлик эркак ўқувчи қизга ҳужум қилганди. Россияда ўзбекистонлик эркак қурилиш компанияси раҳбарига қурол билан ҳужум қилгани хабар берилган.