Сенат «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги конституциявий қонунни маъқуллади
Сенатнинг 2021 йил 19 ноябрь куни бўлиб ўтган йигирма биринчи ялпи мажлисида «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни муҳокама қилинди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда фавқулодда ҳолат содир бўлганда фуқаролар ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоялашга хизмат қилади.
Қонунда фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган. Хусусан, фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартиби, қўлланадиган чора ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний ва юридик шахслар, шунингдeк, мансабдор шахс ҳуқуқларининг кафолати, фавқулодда ҳолат шароитида судларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди.
Қонунда фавқулодда чоралар, уларнинг таъсир доираси, Ўзбекистон ва чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахслар ҳуқуқ ҳамда эркинлигига ўрнатилаётган вақтинчалик чеклов, уларга юклатилаётган қўшимча мажбурият, кучга кириш вақти ҳамда амал қилиш муддати каби бир қанча чоралар тартибга солинди.
Шунингдек, Қонун билан республика бўйича жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати 30 суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса 60 суткадан ошиши мумкин эмас. Агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Президент фармони билан яна бошқа муддатга узайтирилиши мумкин. Лекин мазкур фармон парламент қўшма мажлисида тасдиқланиши белгиланди.
Шу билан бирга, қонунда фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг куч ва воситаларидан фойдаланиш белгиланган. Алоҳида ҳолларда эса юқоридагиларга қўшимча равишда фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун Президент фармонига асосан Мудофаа вазирлигининг куч ва воситаси ҳам жалб этилиши мумкин.
Шунингдек, қонун билан фавқулодда ҳолат жорий қилингани ҳақида чегарадош давлатларга дипломатик каналлар орқали хабар берилиши ҳам белгилаб қўйилган.
Аввалроқ Вазирлар Маҳкамасининг ихтисослаштирилган таълим муассасаларида касбга ўқитиш курслари ташкил этиш бўйича қарори лойиҳаси эълон қилинганди. Шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджети харажатларининг 5 фоизи фуқаролар иштирокида сарфланиши тўғрисида Президент қарори муҳокамага қўйилган.