Шавкат Мирзиёев Москвага етиб борди
Президент Шавкат Мирзиёев 19 ноябрь куни Россияга борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Москвадаги «Внуково-2» аэропортида давлат раҳбарини Россия президенти ёрдамчиси Максим Орешкин ва бошқа расмийлар кутиб олган.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Владимир Путин билан музокара ўтказиш учун Кремлга йўл олди. Учрашувда Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлаш, турли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Россияга ташрифи бўйича расмий маълумот берилганди. Икки мамлакат етакчилари Москва шаҳрида музокара ўтказиши, Ўзбекистон–Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиниши қайд этилган. Қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши ҳам кўзда тутилган.