Шавкат Мирзиёевнинг Владимир Путин билан музокаралари якунланди
Шавкат Мирзиёевнинг Владимир Путин билан 19 ноябрь куни Россияга ташрифи доирасида ўтказилган музокаралари якунланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбекистон нафақат энг яқин қўшнимиз, балки иттифоқдошимиздир. Биз Ўзбекистонни айнан шундай қабул қиламиз. Бу йирик минтақавий давлат бўлиб, бизларни тарих нуқтаи назаридан ҳам, бугунги кунда ҳам кўплаб жиҳатлар боғлаб туради», — деган Россия президенти.
Учрашувда, шунингдек, бугун Ўзбекистон товар айирбошлаш ҳажмининг 18 фоизи Россияга тўғри келаётгани қайд этилган. Товар айирбошлаш ҳажми пандемияга қарамай, 2020 йили 15 фоиздан кўпроққа ошгани таъкидланган.
«Бугун ҳам биргаликдаги ишларимиз минтақавий форматда, давлатлараро шаклда барча йўналишларда давом этмоқда. Иқтисодиёт, гуманитар алоқалар, транспорт инфратузилмаси шулар жумласидан. Бу борада биргаликда ишлашимиз учун катта майдон мавжуд, иккимиз муҳокама қилиб олишимиз лозим бўлган масалалар жуда кўп», — деган Владимир Путин.
Қайд этилишича, Президентлар икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган муносабатлар юқори даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этган. Музокараларда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Айтилишича, кейинги йилларда Бош вазирлар даражасидаги қўшма комиссия ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Шунингдек, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2021 йилнинг ўзида юқори даражадаги 50 та ўзаро ташриф ташкиллаштирилган.
Маълум бўлишича, 2020 йилда ўзаро савдо ҳажми 5,6 миллиард доллардан ошган бўлса, 2021 йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 6 миллиарда етиб, йил якунига қадар 7 миллиард долларга яқинлашиши кутилмоқда.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Москвага етиб боргани айтилганди. Шунингдек, Президентнинг Владимир Путин билан ушрашуви бошлангани хабар қилинган.