Янгиликлар - 18:39 · 19.11.2021

Тошкент вилоятида 70 ёшли ота ўғлини болта билан чопиб ташлади — видео

Тошкент вилояти Бекобод туманида ўз ўғлини ўлдирган 70 ёшли эркак 12 йилга қамалди. Бу ҳақда «Zamon.uz» хабар берди.

Кадр: Telegram / @zamon_lavhalar

Маълум қилинишича, марҳум 9 йил давомида йўл-патруль хизмати ходими сифатида фаолият юритган, касбидаги камчиликлар сабаб ишдан олинган. Ишга тикланишни сўраб, бир неча бор мурожаат қилган, лекин бу амалга ошмагач, спиртли ичимликлар ичишга одатланиб қолган. 

Маст ҳолатда эса муттасил оила аъзоларига тазйиқ ўтказган. 2021 йил 7 июнь куни маст ҳолда отасидан пул сўраган, лекин ота сейфида пули йўқ экани, ёстиғи остида 1 миллион 200 минг сўм пенсия пули борлигини айтган. Бироқ ўғил унга бундан ҳам кўп пул кераклигини айтган ва жанжал кўтарган. Бироздан сўнг ота ўғлини сейф олдида кўрган ва ўша хонада турган болта билан унинг бир неча жойларига зарба берган. 

Эркакнинг суд залида маълум қилишича, у ўғлининг бундай қилиқлари сабаб 4 марта ўз жонига қасд қилмоқчи ҳам бўлган. Марҳумнинг аёли ҳам суд залида эрининг ичкиликка берилганини тасдиқлаб, бу ҳолатга кўникиб кетгани, қотиллик бўлган кунда ички ишлар органи ходимларига хабар бергани, лекин қайнана ва қайнатаси жанжални ўзлари ҳал этишини айтиб, ходимни ортга қайтариб юборганини маълум қилган.

Қотил Ф.Ю. Жиноят ишлари бўйича туман судига илтимоснома киритган ва очиқ суд мажлисида ОАВ вакиллари ҳам иштирок этишини сўраган. «Ҳозирги кунда қотилман. Айбимга иқрорман. Қолганларга бу ўрнак бўлсин», — дейди у.

Маълумот учун, эркак олий маълумотли, 4 нафар фарзанди бор, ўлдирилган кенжа ўғил И.Ю.нинг ҳам аёли ва 3 фарзанди бўлган. Суд залида отага нисбатан Жиноят кодексининг 95-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Суд унга 12 йил қамоқ жазоси тайинлаган.

Аввалроқ Қорақалпоғистонда эркак хотини ва қизини болта билан чопиб ташлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғонада 18 ёшли йигит ҳомиладор хотини ва қайнатасини чопқи билан чопиб ташлагани айтилган.