Тошкентда 19 ёшли йигит йўл ҳаракати қоидаларини бир неча бор бузиб ҳаракатланди — видео
Тошкент шаҳрида йўл ҳаракати қоидаларини менсимасдан, атрофдагилар учун хавф туғдирган ҳолда ҳаракатланган 19 ёшли ҳайдовчига баённома расмийлаштирилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, интернетда тарқалган видеолардан бирида муаллиф йўл ҳаракати қоидаларини менсимасдан автомобиль бошқариб, атрофдагилар учун хавф туғдирган ҳолда ҳаракатлангани акс этган.
Шундан сўнг унинг шахси аниқланиб, кадрдаги транспорт воситаси «Lacetti» (давлат рақами 01 074 TBA), суратга олиш давомида уни бошқарган ҳайдовчи эса 19 ёшли Ш.А. экани маълум бўлган. Айни вақтда йигит ота-онасидан бири билан бирга хорижда бўлиб, Ўзбекистонга қайтган заҳоти у билан профилактик суҳбат ўтказилиши режалаштирилган.
Ҳозирда Ш.А.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1285-моддаси (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг халақит бериши ёки авария ҳолатини юзага келтириши, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига чиқиши) бўйича баённома расмийлаштирилган.
«Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўл ҳаракати қоидаларини менсимаслик ва юқоридаги каби видеоларни интернетга жойлаш билан сиз нафақат амалдаги қонунчиликка нисбатан, балки атрофдагилар ва ўзингизнинг соғлиғингизга нисбатан бефарқ эканингизни намойиш этасиз», дейилади хабарда.
Аввалроқ Самарқандда машинасида дрифт қилган ҳайдовчига чора кўрилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда бошқарув вақтида видеоролик томоша қилган автобус ҳайдовчисига чора қўрилган.