20 ноябрь Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан жорий этилган «Халқаро бола куни» сифатида календардан жой олган. Мазкур сананинг келиб чиқиш тарихи ҳақида биласизми? Бола ҳуқуқларининг жаҳондаги ва Ўзбекистондаги қонуний асослари қандай? Халқаро даражада бола ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси қай ҳолатда? «Bugun.uz» колумнисти Комрон Комилов қуйида ушбу саволларга жавоб беради.

Сана тарихи

1857 йил июнь ойининг иккинчи якшанбасида АҚШнинг Массачусетс штати Челси шаҳрида черков руҳонийси, Чарльз Леонард болаларга бағишланган махсус тадбир ўтказади. Шундан сўнг бу кун «Атиргуллар куни», кейинчалик «Гуллар якшанбаси» ва «Болалар куни» деб номлана бошланган. Халқаро миқёсга келсак, болаларга аталган байрам биринчи марта 1925 йилда Женевада бўлиб ўтган Болалар фаровонлиги бўйича бутунжаҳон конференцияси чоғида эълон қилинган.

Фото: «Unsplesh» 

1949 йил 4 ноябрда Москвада Аёллар халқаро демократик федерацияси томонидан 1 июнь «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида эълон қилинган, бу байрам 1950 йилдан буён кўплаб коммунистик ва пост-коммунистик мамлакатларда нишонлаб келинади. 1959 йил 20 ноябрида эса БМТ «Бола ҳуқуқлари тўғрисида декларация»ни қабул қилди. Сўнгра Бош Ассамблея мазкур ҳужжат қабул қилинган кунни нишонлаш мақсадида 20 ноябрь санасини «Халқаро бола куни» деб эълон қилади. Шундан буён мазкур байрам барча давлатларда бўлмаса ҳам, аксарият БМТга аъзо давлатлар томонидан нишонлаб келинади.

Халқаро ҳуқуқий механизмлар

Бола ҳуқуқларига бўлган эътибор Иккинчи жаҳон урушидан сўнг кучая бошлаган. БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1946 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Болалар жамғармасининг (UNICEF) ташкил этилиши бу бўйича дастлабки қадамлардан бири бўлди. Икки йил ўтиб, 1948 йилда Бош Ассамблея томонидан «Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси» ва 1966 йилда «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида халқаро пакт»нинг қабул қилиниши бола ҳуқуқлари бўйича олиб борилаётган халқаро сиёсатнинг илк ҳуқуқий асосларидан бири бўлиб хизмат қилди. Шунингдек, 1959 йил 20 ноябрида БМТ Бош Ассамблеяси «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги декларацияни ҳам қабул қилган. Унда болаларнинг тўлиқ ҳуқуқларини амалга ошириш учун масъул бўлган барча шахсларнинг ҳаракатларини тартибга солувчи ўнта тамойил шакллантирилган эди.

1978 йилда Польша томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясида декларация қабул қилинганига йигирма йил тўлиши муносабати билан «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенция лойиҳасини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилади. Ўн йиллик танаффусдан кейин— 1989 йилнинг 20 ноябрида БМТнинг «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги конвенцияси қабул қилинди. Ушбу конвенция бола ҳуқуқларининг кенг доирасини ўзида ифодалаб берган биринчи ва асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжатдир. Конвенция 54 та моддадан иборат бўлиб, уни ҳозирги кунда БМТга аъзо давлатларнинг деярли барчаси имзолаб, ратификация қилган. Қизиғи, АҚШ ҳанузгача мазкур халқаро ҳужжатни тан олмаган.

Бола тушунчаси ва ҳуқуқлари

«Бола ҳуқуқлари конвенцияси»да «бола» тушунчаси белгиланиб, болалар манфаатлари устуворлиги ва иштирокчи-давлатларнинг конвенцияда мустаҳкамланган ҳуқуқлардан камситилмасдан фойдаланиш чораларини кўриш мажбурияти белгиланган. Чунончи, конвенцияга кўра ҳар бир шахс 18 ёшга тўлгунча бола деб ҳисобланади. Боланинг яшаш, исм, фуқаролик, ота-онани билиш ҳуқуқи, ота-она қарамоғида бўлиш ҳуқуқи, ота-оналарнинг болаларга нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлари (4-11-моддалар); болаларнинг ўз қарашлари, ўз фикрларини билдириш, фикрлаш, виждон ва дин эркинлиги, уюшмалар ва тинч йиғилишлар ўтказиш эркинлиги, боланинг ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқи (12–17-моддалар); давлатнинг болалар ҳуқуқларини уларнинг ота-оналари, тарбиячилари томонидан суиистеъмол қилинишидан ҳимоя қилиши ва шу каби бошқа мажбуриятлари, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот ва уларнинг ривожланиши учун зарур бўлган турмуш даражаси (18–27-моддалар); билим олиш, эътиқод, дам олиш ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш ҳуқуқлари (28–32-моддалар); давлатнинг болалар ҳуқуқларининг эксплуатация қилиниши, гиёҳванд моддаларни ноқонуний истеъмол қилиш, суиистеъмол қилиш, ўғирлашдан ва болалар савдосидан ҳимоя қилиш мажбурияти (33–36-моддалар) кабилар конвенцияда акс этган.

Фото: «France Culture» 

Бола ҳуқуқлари Ўзбекистонда

Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг аъзоси сифатида бола ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича дунё давлатларининг юритаётган халқаро сиёсати тарафдори эканини маълум қилган ҳолда илк даврларданоқ мамлакатда бунинг ҳуқуқий асосларини яратиш юзасидан чора-тадбирларни амалга оширган. Буни амалдаги қонунчиликдан кўриш мумкин. Аввало, Конституциянинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурлиги белгиланган. Шу билан бирга давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши; фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши (65-модда) бош қомусда акс эттирилган.

Шунингдек, бола ҳуқуқларининг асослари Оила кодексининг нормалари билан тартибга солинади. Кодекснинг 11-бобида вояга етмаган болаларнинг шахсий номулкий ҳуқуқлари: яшаш ва тарбияланиш; ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш; ҳимояга бўлган ҳуқуқ; ўз фикрини ифода этиш; исм, фамилия ва отасининг исмини олиш ва ўзгартириш кабилар шулар жумласидандир.

«Бола ҳуқуқларининг асосий кафолатлари тўғрисида»ги қонун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб, унинг 7-моддасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу қонун ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ҳар бир болага инсон ҳамда фуқаро ҳуқуқлари ва эркинликлари тегишли бўлади ҳамда давлат томонидан кафолатланиши белгиланган. Никоҳда ва никоҳсиз туғилган болалар тенг ҳамда ҳар тарафлама ҳимоядан фойдаланади. Давлат боланинг барча шакллардаги камситишлардан ҳимоя қилинишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради. Бола ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно. Қонунда боланинг узвий ҳуқуқи сифатида яшаш ҳуқуқи, ҳар бир боланинг туғилган пайтдан эътиборан фамилия, исм, ота исми олиш, миллати ва фуқаролигига эга бўлиш ҳуқуқига, шунингдек, уларни сақлаб қолиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.

Боланинг эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқи кафолатланиб, давлат бунда боланинг шахси, уй-жойи дахлсизлигини, хат-хабарлари сир тутилишини таъминлайди ҳамда болани эксплуатация ва зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан, жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан, шаҳвоний шилқимликлардан, ҳуқуқбузарликлар ва ғайриижтимоий ҳаракатлар содир этишга жалб этилишидан ҳимоя қилинишини амалга оширади.

Боланинг ота-онаси бўлмаганда, улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда ҳамда бола ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бошқа ҳолларда унинг оилада яшаш ҳамда тарбияланиш ҳуқуқи васийлик ва ҳомийлик органи томонидан таъминланади. Шу билан бирга боланинг хусусий мулкка эга бўлиш, турар жойли бўлиш, меҳнат қилиш (ўн олти ёшдан, истисно тариқасида ота-онасидан ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг розилиги бўлганда эса ўн беш ёшдан бошлаб) ва дам олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш каби асосий ҳуқуқлари ҳам ушбу қонунда мустаҳкамланган.

Қонунчиликдаги ўзгаришлар

Сўнгги йилларда бола ҳуқуқлари йўналишида Ўзбекистонда амалга оширилган муҳим ўзгариш сифатида Президентнинг 2021 йил 9 августдаги «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-6275-сонли фармонига асосан Болалар омбудсмани институтининг жорий қилинишини айтиш мумкин.

Фото: «Gazeta.uz» Болалар омбудсмани Алия Юнусова.

Ўз навбатида, «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан жиноят қонунчилигида вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварликни кучайтириш мақсадида уларни жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёшга кўтариш, вояга етмаганларнинг жинсий дахлсизлигига қарши жиноятлар, хусусан, Жиноят кодексининг 128 ва 129-моддаларининг жазо чораларини кучайтириш назарда тутилмоқда. Вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилишнинг умумий давомийлиги кун давомида тўрт соатдан ошмаслиги, вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда вояга етмаган шахснинг ёки унинг қонуний вакилининг илтимосига кўра психолог иштирок этишини таъминлашга қаратилган моддалар лойиҳада ўз аксини топмоқда.

Хулоса

Юқорида бола ҳуқуқларининг халқаро ва миллий қонунчиликдаги асосларига тўхталдик. Бироқ шуни ҳисобга олиш зарурки, ижтимоий муносабатлардаги муаммоларни ҳал қилишда ҳуқуқ нормаси қабул қилинишининг ўзигина етарли бўлмайди. Масалан, рақамларга эътибор қаратсак, БМТ расмий сайтидаги маълумотларга кўра, дунёдаги ҳар бешинчи бола ўта қашшоқликда яшайди. Бир миллиардга яқин одам кунига 1,90 доллардан кам даромад билан кун кечиради ва уларнинг ярми болаларга тўғри келади.

2019 йил ҳолатига кўра, тўйиб овқатланмаслик туфайли дунё бўйлаб 149 миллион бола жисмоний ногирон бўлган. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида таълим соҳасида сезиларли ютуқларга эришилганига қарамай, 175 миллиондан ортиқ бола мактабгача таълимдан маҳрум бўлиб, уларни бошидан ноқулай аҳволга солиб қўймоқда. Шунингдек, қуролли можаролар, уруш хавфи ва болалар меҳнатидан ноқонуний фойдаланиш болалар ҳаётига жуда кўп муаммоларни келтириб чиқаради.

Жумладан, ҳозирда 5 ёшдан 14 ёшгача бўлган 153 миллионга яқин болалар меҳнат қилишга мажбурланиши айтилади. Рақамлардан кўриниб турганидек, гарчи дунё давлатлари болалар манфаатларининг ҳимояси йўлида якдил халқаро ва ички сиёсатни танлашганига қарамай, ривожланаётган ва қолоқ давлатларда муаммолар талайлигича қолмоқда. Бу эса соҳа бўйича қилинадиган ишларнинг ҳали кўплигини англатади.