Бугун оқшоми. «Отмен» бўлган «Captiva 5», 1 Гб интернет билан таъминланадиган «домлар», бир соатга АҚШ президенти бўлган Камала Ҳаррис

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бугунги дайжестни ваъдалардан бошлаймиз. Ваъдалар дафтарчасига ёзиб қўйинг (агар у тўлмаган бўлса, албатта): 2022 йилдан «дом»лар камида секундига 1 Гб тезликдаги интернетга уланади.

Фото: «Bugun.uz»

Вазирлар Маҳкамасининг 19 ноябрдаги тегишли қарори билан 2022 йил 1 январдан Ўзбекистонда кўп квартирали уйлар камида секундига 1 Гб тезликдаги интернетга уланади. Шунингдек, ижтимоий объектлар — таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва бошқа давлат ташкилотларини камида 100 Мбит/с ўтказувчанлик қобилияти имконияти билан интернетга уланади.

Яна бир муҳим жиҳат шуки, қарор Хитой Халқ Республикасида янги уланиш ва ўзаро интернет трафиги алмашинуви нуқталарини ташкил этиш чораларини кўришни ҳам назарда тутади.

Айтади-ку, «ўша даврлар келаверсин-чи, кўрамизда». Хуллас, шунақа. Янги Ўзбекистон — янги ваъдалар (дафтари).

30 йил олдин чиқарилиши бошланган «Damas» ҳали ҳам етакчилардан («ҳақиқий мустақиллик фарзанди!»). Ушбу русумдан шу йилнинг ўтган 10 ойида 45 644 та ишлаб чиқарилган.

Фото: «Bugun.uz»

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, автомобиль ишлаб чиқариш саноатида 2021 йилнинг январь–октябрь ойларида 52 454 дона «Cobalt» ишлаб чиқарилган ва бу машиналар ичида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Ундан кейинги ўринда ўша афсонавий «Damas» — 45 644 дона.

Яна бир «легендарний» автомобиль — «Gentra» («котта боллани» машинаси) август ойида 2 та, сентябрь ойида 3811 та, октябрь ойида эса 7478 та (3 ойда жами 11 291 та) ишлаб чиқарилган.

«UzAuto Motors» «Captiva 5» етказиб беришни тўхтатди. Бу дунё автомобилсозлиги «қийин даврни бошдан кечираётгани» билан боғлиқ.

Фото: «autostrada.uz»

Компания «Captiva 5» автомобилларини етказиб беришни тўхтатганини маълум қилди. Таъкидланишича, бу ҳолат компания тарихида биринчи бор юз беряпти, лекин у компаниянинг ўзигагина боғлиқ эмас — «микрочип»лар етишмаслиги дунёнинг йирик автокомпанияларини ҳам қийнаяпти.

Ўзбекистонда ягона бўлган автомобилсоз мижозлар мурожаатидан кейин 3 кун ичида тузилган шартномалар бўйича тўланган барча маблағларни тўлиқ қайтаради. Шунингдек, олдиндан тўланган сумманинг 5 фоизи компенсация сифатида берилади. «Chevrolet Captiva 5» автомобили ўрнига «Chevrolet Equinox» ёки «Tracker» моделларини харид қилиш мумкин. 

«Шу муносабат билан, ‘UzAuto Motors’ АЖ раҳбарияти ва жамоаси ўз мижозларимиздан келтирилган ноқулайликлар учун чексиз узр сўрайди ҳамда айни пайтдаги вазиятда мижозлари учун қайғуриб, қабул қилинган қарори ягона тўғри қарор эканлигига ишонади», дейилади хабарда (балки, ростан ҳам ягона тўғри қарор шудир).

Колумнистимиз Ҳабибулло Мўйдинов етказиб берилиши тўхтатилган машинага атаб карикатура чизди.

Карикатура: «Bugun.uz» / Ҳабибулло Мўйдинов

NASA Сурхондарёда кузатилаётган қалин туман тасвирини эълон қилди. 

Америка Қўшма Штатлари Миллий аэронавтика ва фазони тадқиқ қилиш бошқармаси (NASA) сунъий йўлдош объектларида нафақат Сурхондарё вилоятининг асосий қисми, балки Тожикистоннинг Хатлон, Туркманистоннинг Ахал ва Лабоп, шунингдек, Афғонистон шимолий вилоятларида кузатилаётган қалин туман ҳодисаси кўрсатилган.

Фото: «NASA»

Қайд этилишича, кузатилаётган туман радиацион хусусиятга эга бўлиб, одатда, Ўрта Осиёда антициклон чекка қисмининг сўнгги босқичларида қуёш ботиш ва қуёш чиқишидан сўнг юзага келади. Унинг давомийлиги узоқ кузатилмайди. 

Хўш, оламда нима гап?

Жо Байден навбатдаги тиббий кўрикдан ўтгани учун Камала Ҳаррис бир соатдан сал кўпроқ АҚШ президенти вазифасини бажарди. Амалдаги президентда қатор касалликлар аниқланди.

Камала Ҳаррис
Фото: «Getty Images»

Шундай қилиб, Харрис президент вазифасини вақтинчалик бажарган биринчи аёл киши бўлди. Шунингдек, АҚШ президенти Жо Байденда тиббий кўрик давомида бир нечта касалликлар аниқланди.

Президентнинг шахсий шифокори Кевин О’Коннорнинг айтишича, 79 ёшли Байденда периферик нейропатия (периферик асаблар бузилишининг намоён бўлиши) ҳамда ичакларида бир нечта полиплар аниқланган. Байденга оёқнинг енгил периферик сенсорли нейропатияси ташхиси қўйилган.

Фото: «Politico»

Касаллик мия ва орқа мия ташқарисида жойлашган ҳамда улардан тананинг бошқа қисмларига маълумот узатувчи нервларнинг шикастланиши туфайли юзага келади. Унинг белгилари заифлик, уйқусизлик, оғриқ бўлиши мумкин.

Маълумотларга кўра, айни пайтда президент аритмия, гиперлиподемия (қондаги ёғлар ёки липидларнинг ортиқча концентрацияси), мавсумий аллергия ва орқа мия артритидан азият чекади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Эрондаги ҳарбий объектларга дрон ёрдамида зарба берилди — видео
Янгиликлар10:56 | 29.1.23
Эрондаги ҳарбий объектларга дрон ёрдамида зарба берилди — видео
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Янгиликлар21:24 | 28.1.23
«Уч нафар дўстингизни қаманг». Биринчи дунё мамлакатига айланган Сингапур ва унинг коррупцияга қарши кураш усули ҳақида — видео
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
Янгиликлар20:51 | 28.1.23
Статқўм Ўзбекистоннинг ЯИМ ҳамда саноат статистикаси ўртасидаги фарқ сабабини тушунтириб берди
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Янгиликлар20:17 | 28.1.23
«Ўзкимёсаноат» шина заводининг 80 млн долларга сотилганини асослаб берди
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Янгиликлар19:44 | 28.1.23
Ўзбекистонда қўшимча талаб этиладиган пиёз 1 апрелгача ички бозорларга киритилади
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди
Янгиликлар18:50 | 28.1.23
Ўзбекистонда чиқиндилар газидан электр энергияси ишлаб чиқарадиган мажмуани қуриш бошланди