АҚШ президенти Жо Байденда тиббий кўрик давомида бир нечта касалликлар аниқланди. Бу ҳақда Оқ уй матбоут хизмати хабар берди.

Фото: «Politico»

Президентнинг шахсий шифокори Кевин О’Коннорнинг айтишича, 79 ёшли Байденда периферик нейропатия (периферик асаблар бузилишининг намоён бўлиши) ҳамда ичакларида бир нечта полиплар аниқланган. Байденга оёқнинг енгил периферик сенсорли нейропатияси ташхиси қўйилган. Касаллик мия ва орқа мия ташқарисида жойлашган ҳамда улардан тананинг бошқа қисмларига маълумот узатувчи нервларнинг шикастланиши туфайли юзага келади. Унинг белгилари заифлик, уйқусизлик, оғриқ бўлиши мумкин.

«Байденда нейропатия касаллиги юзага келиши сабаби аниқ эмас. Бу касаллик, одатда, диабет, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш ёки B12 витамини етишмаслиги сабаб юзага келади. Президентда эса бу сабабларнинг бирортаси кузатилмаган», — дейди Кевин О’Коннор.

Маълумотларга кўра, айни пайтда президент аритмия, гиперлиподемия (қондаги ёғлар ёки липидларнинг ортиқча концентрацияси), мавсумий аллергия ва орқа мия артритидан азият чекади.

Аввалроқ Байден Исроил вазири билан учрашувда ухлаб қолгани айтилганди. Шунингдек, у нутқида Қатар пойтахти номини чалкаштириб юборган. Бундан ташқари, президент Оқ уйга кираверишда адашиб қолган.