Фарғонада мактаб директори фуқарони 0,5 ставкага кутубхоначиликка киритиб қўйиш учун пора олди
Қўқон шаҳрида мактаб директори фуқарони 0,5 ставкага кутубхоначиликка киритиб қўйиш учун пора олгани аниқланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳридаги 8-сонли мактаб директори Ф.Д. фуқаро Н.Н.ни мактабга ярим ставкага кутубхоначи ва 0,2 ставка лаборант вазифасига ишга қабул қилиш эвазига 100 АҚШ доллари ва 850 минг сўм, Марғилон шаҳридаги 31-сонли мактаб директори вазифасини бажарувчи А.Д. фуқаро Д.Ж.ни техник лавозимга тайинлаш эвазига 150 АҚШ доллари олаётган вақтда ушланган.
Бундан ташқари, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар М.Б. ва Ш.Ф. олдиндан тил бириктириб, Қува туманидаги кичик саноат зонасидан 20 сотих ер майдонини фуқаро Н.га танишлари орқали ажратиб бериш эвазига 5000 долларни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Б. ва Ш.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, «И.» ирригация тизими бошқармаси шўъба бошлиғи А.Н. ва катта Фарғона магистрал канали муҳандис-гидротехниги С.Р. фуқаро Н.нинг ишончига кириб, унга Марғилон сойининг муҳофаза ҳудудидан 5 сотих ер майдонини тадбиркорлик қилиш учун ажратиб бериш эвазига 7000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қўқон «замҳоким»и билан бирга ушлангани айтилган темир йўл ходими иши бўйича изоҳ берилганди. Шунингдек, Жиззахда «зампрокурор» 8000 доллар пора билан қўлга тушган.