Янгиликлар - 18:02 · 20.11.2021

МИБ Гулистондаги Болалар уйида хайрия тадбири ташкил этди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Болалар уйида хайрия тадбири ташкил этилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Bugun.uz»га хабар берди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

Маълум қилинишича, бюро органлари томонидан Саховат, Мурувват ва Меҳрибонлик уйларида хайрия тадбирлари ўтказилиб келинмоқда. Навбатдаги тадбир бюронинг Гулистон шаҳар бўлими ташаббуси билан Улуғ йўл маҳалласида жойлашган Болалар уйида ташкил этилган.

У ерда болалар билан суҳбатлашилиб, уларга совға тарқатилган. Шу билан бирга, эртак китоблар берилган.

Фото: Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати

«Гап моддиятда эмас. Тўғри, ота-она ва оила муҳитидаги меҳрни тўлдириш қийиндир, аммо меҳрга ташна бу бегуноҳ мурғак қалбларга ўз ташрифимиз билан озроқ бўлса-да таскин, қувонч бахш эта олишдек хайрли иш биз учун улкан шарафдир», — дейди бюронинг Гулистон шаҳар бўлими бошлиғи Фахриддин Эшматов.

Аввалроқ МИБ Тошкент вилоятидаги болалар уйига кийим-кечак топширган эди.